Миграция агентлиги Россияга сафар қилаётган фуқароларни огоҳлантирди

Bugun 11:251 daqiqa

Энди Россия чегарасида шахсий гаджетлар текширилиши мумкин, қоидаларга риоя қилмаслик эса жазога сабаб бўлади.

Миграция агентлиги Россияга сафар қилаётган фуқароларни огоҳлантирди © rbc.ru

Ўзбекистон Миграция агентлиги Россия Федерациясига йўл олаётган фуқаролар учун муҳим огоҳлантириш билан чиқди. Унга кўра, Россияда чегара назоратига оид қонунчиликка киритилган ўзгаришлар натижасида текширувлар янада кучайтирилган.

Янги тартибларга мувофиқ, энди Россияга кириш ёки чиқиш жараёнида фуқароларнинг электрон қурилмалари текширилиши мумкин. Бундай қурилмалар қаторига мобил телефонлар, планшетлар ва ноутбуклар киради.

Агентлик маълумотларига кўра, чегара хизмати ходимлари қурилманинг ташқи ҳолатини кўздан кечириш ҳамда зарур ҳолларда уни кўрсатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу эса хавфсизлик чораларининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Шу билан бирга, мазкур текширувлар барча фуқароларга нисбатан эмас, балки фақат қоидабузарлик гумони мавжуд бўлган ёки хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур деб топилган ҳолатларда амалга оширилиши таъкидланган.

Муҳим жиҳатлардан яна бири — чегара ходимларининг талабларига бўйсунмаслик жавобгарликка олиб келиши мумкин. Хусусан, бундай ҳолатларда 5 000 дан 7 000 рублгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши эҳтимоли бор.

Расмийларга кўра, мазкур чоралар терроризм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, шунингдек, умумий хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган.

Миграция агентлиги фуқароларга сафар олдидан ўз гаджетларидаги маълумотларни текшириб чиқишни ва чегарадаги талабларга қатъий риоя қилишни тавсия этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid