Микромолия ташкилотлари активлари ҳажми бир йилда 47 фоизга ўсди
Микромолия ташкилотлари ажратган кредитлар ҳажми эса 8,2 трлн сўмдан 11,8 трлн сўмгача ошган.
© brb.uzЎзбекистонда микромолия ташкилотлари активлари 2026 йил 1 апрель апрель кўра, 13,3 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
2025 йилнинг шу даврида микромолия ташкилотлари активлари 9,1 трлн сўмни ташкил этган эди. Шу тариқа, бир йил ичида ўсиш қарийб 47 фоизга тенг бўлди.
Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, активлар ўсишининг асосий драйвери кредит фаолияти бўлиб қолмоқда. Жумладан, ажратилган кредитлар ҳажми 8,2 трлн сўмдан 11,8 трлн сўмгача ошган.
Шунингдек, микромолия ташкилотларининг жами капитали ҳам ўсган. Кўрсаткич 2,6 трлн сўмдан 3,6 трлн сўмгача кўтарилиб, 38 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Регулятор бу ҳолатни ташкилотлар устав капитали ошиши ва секторнинг ички молиявий базаси мустаҳкамланаётгани билан изоҳламоқда.
Микромолия ташкилотлари мажбуриятлари ҳажми ҳам сезиларли равишда ўсган. Бир йил ичида кўрсаткич 6,5 трлн сўмдан 9,7 трлн сўмгача етган ёки 49 фоизга ошган.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари сонида сезиларли ўсиш кузатилган. 2024 йилда мамлакатда 119 та янги микромолия ташкилоти очилган бўлса, 2025 йилда эса ўтган йилга нисбатан 53 та кўп очилган.





