Logo

Миллиардер Роналду, 17 ёшли дебютант ва 727 миллионлик соврин — ЖЧ-2026 рақамларда

Kecha 21:306 daqiqa

Ўзбекистон иштирок этадиган 2026-йилги Жаҳон чемпионати бир вақтнинг ўзида энг кўп жамоа, энг кўп ўйин ва энг катта мукофот жамғармаси бўйича рекордларни ўрнатмоқда. Турнир тарихидаги муҳим статистик кўрсаткичлар билан танишинг.

Миллиардер Роналду, 17 ёшли дебютант ва 727 миллионлик соврин — ЖЧ-2026 рақамларда

2026-йилги мундиал тарихдаги энг муҳташам мундиал сифатида бир қатор рекордларни қайд этиб улгурди. Энг кўп мезбон давлат, энг кўп ўйин ва ташкилотчилар томонидан кутилаётган мухлислар ташрифи бўйича рекорд шулар жумласидандир.

Тарихда илк бор ушбу глобал футбол мусобақасига учта давлат — Канада, Мексика ва АҚШ мезбонлик қилмоқда. 16 та шаҳарда жами 104 та ўйин бўлиб ўтади. Шунингдек, мусобақа аввалгидек 32 та эмас, балки 48 та жамоа иштирокидаги кенгайтирилган форматда ўтказилмоқда.

ФИФА 1994 йилги АҚШдаги Жаҳон чемпионатида ўрнатилган «3,5 миллион мухлис рекорди» бу йилги мусобақада янгиланишини таъкидламоқда. Бироқ чипталар савдосининг паст кўрсаткичлари бунга бироз шубҳа уйғотади.

«Al Jazeera» нашри Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг муҳим статистик маълумотларни ҳавола этди.

Энг кўп чемпионлик қайси терма жамоага тегишли?

⚽ Бразилия (1958, 1962, 1970, 1994 ва 2002)

Бразилия терма жамоаси 5 та чемпионлик билан яққол пешқадамлик қилмоқда. Қолаверса, улар 1930 йилдан бери мусобақанинг барча мавсумларида қатнашиб келаётган ягона жамоадир. «Пентакампеонлар» шу вақтгача жами 7 марта финалда ва 11 марта ярим финалда майдонга тушишган.

Германия ва Италия ҳисобида 4 тадан чемпионлик бор. Аммо Италия Жаҳон чемпионатини кетма-кет учинчи бор ўтказиб юбораётгани сабабли, бу йил фақат немисларда совринлар сони бўйича Бразилияга етиб олиш имконияти мавжуд.

Шахсий рекордларга келсак, бразилиялик афсонавий футболчи Пеле фаолияти давомида энг кўп (3 марта) Жаҳон чемпиони бўлиш рекордини ўзида сақлаб турибди (1958, 1962, 1970). Унинг жамоадошлари Беллини ва Кастило 1958 ҳамда 1962 йилларда у билан бирга икки карра чемпион бўлишган. Кафу эса 1994 ва 2002 йилларда чемпионлик кубогини боши узра баланд кўтарган.

Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп гол урган футболчи ким?

⚽Мирослав Клозе (16 та гол)

Германиялик ҳужумчи тўртта Жаҳон чемпионати доирасидаги 24 та ўйинда 16 та гол уриб, ушбу рўйхатда якка пешқадамлик қилмоқда.

Ушбу нуфузли рўйхатдан жой олган бошқа тўпурарлар:

  • Роналдо (Бразилия) – 4 та Жаҳон чемпионати, 19 та ўйин, 15 та гол

  • Герд Мюллер (Ғарбий Германия) – 2 та Жаҳон чемпионати, 13 та ўйин, 14 та гол

  • Жюст Фонтен (Франция) – атиги 1 та Жаҳон чемпионати, 6 та ўйин, 13 та гол

  • Лионель Месси (Аргентина) – 5 та Жаҳон чемпионати, 26 та ўйин, 13 та гол

  • Килиан Мбаппе (Франция) – 2 та Жаҳон чемпионати, 14 та ўйин, 12 та гол

  • Пеле (Бразилия) – 4 та Жаҳон чемпионати, 14 та ўйин, 12 та гол

Бир Жаҳон чемпионати доирасида энг кўп гол урган футболчи ким?

Жюст Фонтен (13 та гол)

Франциялик ҳужумчи 1958 йили Швецияда ўтган Жаҳон чемпионатида атиги 6 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол уришга муваффақ бўлган.

Битта мусобақада энг кўп гол урган бошқа тўпурарлар:

·         Шандор Кочиш (Венгрия), ЖЧ-1954 – 11 та гол

·         Герд Мюллер (Ғарбий Германия), ЖЧ-1970 – 10 та гол

·         Адемир (Бразилия), ЖЧ-1950 – 9 та гол

·         Эйсебио (Португалия), ЖЧ-1966 – 9 та гол

·         Гилермо Стабиле (Аргентина), ЖЧ-1930 – 8 та гол

·         Роналдо (Бразилия), ЖЧ-2002 – 8 та гол

·         Килиан Мбаппе (Франция), ЖЧ-2022 – 8 та гол

ЖЧ-2026нинг энг ёш футболчиси ким?

Хилберто Мора (турнирнинг очилиш куни — 11 июнда 17 ёшу 240 кун)

2025 йилнинг январ ойида Мора 16 ёшида Мексика терма жамоаси сафида дебют қилиб, мамлакат тарихидаги энг ёш футболчига айланган эди. У 2024 йилнинг август ойида, 15 ёшлик пайтидаёқ Мексика олий дивизионида асосий таркибда майдонга тушган ва гол урган энг ёш ўйинчи сифатида рекорд ўрнатганди.

Умуман олганда, жорий мусобақада 20 ёшдан кичик бўлган жами 22 нафар футболчи иштирок этмоқда.

ЖЧ-2026нинг энг ёши катта футболчиси ким?

Крейг Гордон (турнирнинг очилиш куни — 11 июнда 43 ёшу 162 кун)

Бу — 2004 йилда терма жамоада илк бор майдонга тушган Гордоннинг Жаҳон чемпионатларидаги дебюти ҳисобланади.

Мусобақа тарихидаги мутлақ рекорд эса ҳамон Миср терма жамоаси дарвозабони Эссам ал-Ҳадарийга тегишли — у ЖЧ-2018да майдонга тушганида 45 ёшда эди.

Бу йилги турнирда 40 ва ундан юқори ёшдаги жами 7 нафар футболчи рўйхатдан ўтган. Бошқа фахрий футболчилар қаторига қуйидагилар киради:

·         Криштиану Роналду (Португалия), 41 ёш – фаолиятидаги олтинчи Жаҳон чемпионати

·         Гилермо Очоа (Мексика), 40 ёш – фаолиятидаги олтинчи Жаҳон чемпионати

·         Мануэл Нойер (Германия), 40 ёш – фаолиятидаги бешинчи Жаҳон чемпионати

·         Лука Модрич (Хорватия), 40 ёш – фаолиятидаги бешинчи Жаҳон чемпионати

·         Лионел Месси (Аргентина), 38 ёш – фаолиятидаги олтинчи Жаҳон чемпионати

Нечта жамоа мусобақада дебют қилмоқда?

Тўртта (Кабо-Верде, Ўзбекистон, Иордания ва Курасао)

Бу 8 та жамоа илк бор қатнашган ЖЧ-2006дан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Жорий турнирда жами 891 нафар футболчи ўз фаолиятида биринчи марта Жаҳон чемпионати ҳавосидан баҳраманд бўлмоқда.

Энг бой футболчи ким?

Криштиану Роналду (1,4 миллиард доллар)

Роналду «Forbes» талқинига кўра 1,4 миллиард долларлик бойлик билан тарихдаги илк миллиардер футболчига айланган. У йирик брендлар билан ҳамкорлик ва Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клуби билан тузилган сердаромад шартномаси туфайли дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчилари рўйхатида мунтазам равишда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Жаҳон чемпионатларида энг кўп майдонга тушган футболчи ким?

Лионель Месси (26 та ўйин)

Аргентина футболи афсонаси бешта мундиал (2006, 2010, 2014, 2018, 2022) давомида жами 26 та ўйинда майдонга тушган.

Ундан кейинги ўринларни мос равишда 25 ва 24 та ўйин билан германиялик Лотар Маттеус ҳамда Мирослав Клозе эгаллаб турибди. Италиялик Паоло Малдини ҳисобида 23 та, Криштиану Роналдуда эса 22 та ўйин мавжуд.

Энг ёш таркибга эга терма жамоа қайси?

Кот-д'Ивуар. Ушбу жамоа футболчиларининг ўртача ёши 25,4 ни ташкил этади ва улар турнирдаги энг ёш жамоа бўлиши кутилмоқда.

Энг ёши катта таркиб-чи?

Колумбия. Жамоанинг ўртача ёши 29,9 га тенг.

Ўз ички чемпионатидан энг кам футболчи жалб қилган жамоалар қайси?

Нол (0) кўрсаткич.

Кабо-Верде, Конго Демократик Республикаси, Кот-д'Ивуар, Курасао, Сенегал ва Уругвай терма жамоаларининг барча аъзолари фақат хорижий лигаларда тўп суришади (уларнинг қайдномасида маҳаллий чемпионатдан бирорта ҳам ўйинчи йўқ).

Бунинг акси ўлароқ, Қатар ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўз қайдномасидаги 26 нафар футболчидан 25 нафарини айнан ўз маҳаллий чемпионати вакилларидан шакллантирган.

Жаҳон чемпионати тарихидаги энг йирик мукофот жамғармаси қанча?

ФИФА декабр ойида мусобақа учун рекорд даражадаги — 727 миллион долларлик мукофот жамғармасини эълон қилди. Унга кўра, ғолиб жамоа ўз ватанига 50 миллион доллар билан қайтади. Турнирда иштирок этадиган ҳар бир жамоа эса камида 10,5 миллион долларлик кафолатланган маблағга эга бўлади.

Таққослаш учун, ўтган Жаҳон чемпионатининг умумий жамғармаси 440 миллион долларни ташкил қилган ва ўшанда чемпион бўлган Аргентина 42 миллион доллар ишлаб олган эди. Жорий йилги рақамлар эса аввалгисидан сезиларли даражада юқори.

Мусобақага йўлланма олган энг кичик давлат қайси?

Курасао (158 000 аҳоли)

Дебютант Курасао нафақат ЖЧ-2026 иштирокчилари орасидаги энг кичик мамлакат, балки Жаҳон чемпионатлари тарихида йўлланма қўлга киритган энг аҳолиси кам давлат сифатида ҳам тарихга кирмоқда.

Турнирда нечта мамлакат вакиллари иштирок этмоқда?

71 та

Футболнинг глобал табиати ушбу турнирда 71 та турли мамлакат вакиллари иштирокида яққол намоён бўлади. Қитъалар кесимида бу кўрсаткич қуйидагича:

·         УЕФА (Европа): 35 та

·         АФК (Осиё): 14 та

·         КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка): 8 та

·         КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка): 7 та

·         КАФ (Африка): 6 та

·         ОФК (Океания): 1 та

Жаҳон чемпионатида қайси клубдан энг кўп футболчи қатнашмоқда?

«Манчестер Сити» (19 нафар футболчи)

Англия Премер-лигаси клуби бу борада яққол пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларни қуйидаги жамоалар эгаллаган:

·         «Бавария» – 18 нафар футболчи

·         «Пари Сен-Жермен» ва «Арсенал» – 16 нафардан футболчи

·         «Барселона» – 15 нафар футболчи

·         «Манчестер Юнайтед», «Кристал Пэлас», «Атлетико Мадрид» ва «Ал-Ҳилол» – 12 нафардан футболчи.

Teglar

Mavzuga oid