Минтақа бирдамлиги: қардош давлатлар мундиалда Ўзбекистонга омад тиламоқда
Кўксарой қароргоҳида ўтган учрашувда хорижий давлатлар вакиллари Жаҳон чемпионатида дебют қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасига омад тилади.
© ufaТошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган бир қатор юқори мартабали меҳмонлар президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда миллий жамоамизнинг бўлажак тарихий ўйини олдидан ўз фикрлари ва тилакларини билдиришди.
Жумладан, Озарбойжон Бош вазири Али Асадов ўзбек футболчилари нафақат ўз мамлакати, балки, бутун минтақа шарафини ҳам ҳимоя қилаётганини таъкидлади: “Ўзбекистон футболчилари Жаҳон чемпионатида нафақат ўз юртингиз, балки барчамизнинг шаънимизни ҳимоя қиладилар. Биродар Озарбойжон халқи сизларга мухлислик қилади ва қўллаб-қувватлайди. Гуруҳ осон эмас, лекин Колумбия билан баҳсда биз ғалабангизга ишонамиз. Менимча, ҳозир кўплаб мусулмон давлатлари Ўзбекистонга дуода. Бу катта муваффақият, чунки футбол — бутун дунё кузатадиган феномендир”.
Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳам миллий жамоанинг имкониятларини юқори баҳолаб, ушбу воқеликнинг тарихий аҳамиятига тўхталди: “Биз Колумбия билан бўладиган ўйинни сабрсизлик билан кутмоқдамиз ва ғалабага ишонамиз. Ҳаммамиз сиз билан биргамиз. Бу жуда улкан тарихий воқеа, чунки ҳозир бутун МДҲ ҳудудидан фақатгина Ўзбекистон ушбу нуфузли мусобақада қатнашмоқда”.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Адилбек Касималиев эса ўтган йили Тошкентда кечган ҳал қилувчи баҳсни эслаб ўтди: “Футболчиларингиз ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган тарихий кунда биз ҳам шу ерда эдик. Ўшанда стадионда Шавкат Миромонович билан биргаликда ғалабани нишонлаган эдик. Бугун Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон фуқаролари, ҳатто Америкада яшаётган ватандошларимиз ҳам Ўзбекистон учун мухлислик қилмоқда. Жамоангизга мусобақадаги илк ўйиндаёқ ғалаба ёр бўлишини тилаймиз”, – деди Адилбек Касималиев.
Маълумот учун, Ўзбекистон ўзининг мундиалдаги тарихий дебют учрашувини Жанубий Америка қитъаси вакили — Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади. Мазкур баҳс эртага, 18 июн куни Мексика пойтахтида жойлашган афсонавий “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан тонгги соат 07:00 да старт олиши белгиланган.

Тошкент халқаро инвестиция форуми
16-18-июн кунлари Тошкентда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Форумга оид барча хабарлар бир ҳаволада.





