Logo

Мирзиёев наркожиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолади

Kecha 23:352 daqiqa

Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланди.

Мирзиёев наркожиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолади © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Тақдимотда парламент томонидан қабул қилинган, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида ахборот берилди.

Қонун билан Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» номли янги боб киритилмоқда. Унда аҳоли, айниқса ёшлар саломатлигига таҳдид солувчи қилмишлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Янги чоралар


Маълум қилинишича, наркожиноятларнинг замонавий шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш ва бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, 10 дан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари оғирлаштирилади. Давлат раҳбари мазкур қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиши ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлаб, ҳужжатни имзолади.

Тақдимотда, шунингдек, «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди. Лойиҳада гиёҳвандликка қарши давлат сиёсатининг еттита асосий йўналиши белгиланиши, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга қарши курашиш, профилактика, даволаш ва реабилитация тизимини такомиллаштириш чоралари назарда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid