Мирзиёев ва Тўқаев Бухорода музокара ўтказади
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари 11 апрел куни Бухорода учрашиб, стратегик шерикликни чуқурлаштириш, савдо ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига жўнаб кетди ва у ерда 11 апрел куни Қосим-Жўмарт Тўқаев билан олий даражадаги музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари асосий кун тартибидан ўрин олган.
Шунингдек, сиёсий мулоқотни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳукуматлараро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва транспорт, энергетика, сув ҳамда экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш ҳам кун тартибида бор.
Қозоғистон президенти матбуот хизмати ҳам ушбу ташрифни тасдиқлаб, етакчилар ўртасида норасмий учрашув ўтказилиши ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар кўриб чиқилишини маълум қилди.
Шунингдек, ташриф давомида давлат раҳбарлари Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилиши, саноат корхоналари фаолияти билан танишиши ва маҳсулотлар кўргазмасида иштирок этиши режалаштирилган.
Бугун эса Мирзиёев Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишади.





