Logo

Мирзиёев ва Тўқаев Озарбойжоннинг Марказий Осиё форматига қўшилиши ҳақида гапирди

Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган норасмий учрашувда Марказий Осиё ва Озарбойжон давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни муҳокама қилди.

Мирзиёев ва Тўқаев Озарбойжоннинг Марказий Осиё форматига қўшилиши ҳақида гапирди © Foto: president.uz

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбойжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжоннинг давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувларига қўшилиши аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

Президентнинг сўзларига кўра, бу қарор ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги – макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.

«Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда. Бу фурсатдан тўлиқ фойдаланиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Евроосиёнинг қоқ марказида ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничиликни барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишимиз зарур», — деди Мирзиёев.

Тўқаев ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Озарбойжоннинг маслаҳат учрашувларида тўлақонли иштирокчи сифатида қатнашиши формат ривожида янги босқични бошлаб беришини қайд этди.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, инвестициялар, энергетика, саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ягона транспорт-логистика тизимини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда», — деб баёнот берди Қозоғистон президенти.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, сўнгги йиллар давомида минтақа ичидаги савдо ҳажмининг изчил ўсиши кузатилмоқда, ишбилармонлик алоқалари кенгайиб, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда, қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid