Мис ва алюминий бозорида тарихий дефицит танқислик кутилмоқда

Bugun 08:552 daqiqa

Дунё иқтисодиёти 2030 йилгача мис ва алюминий етишмовчилиги билан юзма-юз келиши мумкин. Йирик конлардаги авариялар, Яқин Шарқдаги уруш ва хомашё тақчиллиги нархларни белгиловчи асосий омилга айланмоқда.

Мис ва алюминий бозорида тарихий дефицит танқислик кутилмоқда

Рангли металлар бозорида 2030-йилгача давом этадиган таркибий дефицит шаклланмоқда. «Коммерсант» нашрининг «Эйлер» таҳлилчилари прогнозига кўра ёзишича, 2026–2030-йилларда мисга бўлган эҳтиёжнинг 2–6 фоизи, алюминийнинг эса 3–7 фоизи қопланмай қолиши мумкин. Бу вазиятдан Россиянинг «Норникель» ва «Русал» каби гигантлари фойдаланиб қолиши мумкин бўлса-да, компаниялар етказиб бериш занжири чекланганини таъкидламоқда.

Мис танқислиги Чили, Конго ва Индонезиядаги энг йирик конларда юз берган қатор авариялар билан боғлиқ бўлиб, уларни тиклаш фақат 2027-йилга бориб амалга ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, руда таркибидаги металл миқдори йилига ўртача 2 фоизга камайиб бормоқда. Хитойда электр тармоқларини модернизация қилиш ва қайта тикланувчи энергияга бўлган талаб ортаётган бир пайтда, янги йирик конлар 2028-йилгача ишга тушмайди. Кўриниб турган захиралар эса бор-йўғи бир-икки йиллик истеъмолга етади, холос.

 

Яқин Шарқ инқирози ва алюминий бозори

Алюминий бозоридаги вазият Яқин Шарқдаги можаро туфайли янада мураккаблашди, чунки дунё алюминий ишлаб чиқариш қувватларининг 9 фоизи айнан шу ҳудудда жойлашган. Ҳатто Ҳўрмуз бўғози тез орада очилган тақдирда ҳам, зарар кўрган корхоналарни таъмирлаш зарурати туфайли танқислик камида кузгача давом этади. Шу билан бирга, қуёш панеллари ва шамол электр станциялари қурилиши алюминийга бўлган талабни янада оширмоқда.

Хитойнинг алюминий ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятлари деярли тугаган, чунки мамлакатда ишлаб чиқариш йилига 45 млн тонна билан чеклаб қўйилган. Бозордаги захиралар икки-уч йилга етиши тахмин қилинмоқда. Шунингдек, мис ишлаб чиқариш учун зарур бўлган сульфат кислотасининг нархи ҳам Ҳўрмуз бўғозидаги муаммолар ва Хитойнинг экспортга тақиқ қўйгани сабабли кескин қимматлашмоқда.

 

Никел бозоридаги истисно ва имкониятлар

Мис ва алюминийдан фарқли ўлароқ, никел бозорида профицит, яъни ортиқча маҳсулот сақланиб қолиши кутилмоқда. Бу Индонезиядан келаётган таклифнинг кўплиги ва электромобил ишлаб чиқарувчиларнинг никел талаб қилмайдиган батареяларга ўтаётгани билан изоҳланади. «Норникель» маълумотларига кўра, 2026 йилда никель профицити 275 минг тонна атрофида бўлиши мумкин.

Россиялик ишлаб чиқарувчилар учун юзага келаётган глобал тақчиллик қулай шароит яратса-да, экспорт оқимларини тезкор ўзгартириш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда. Ишлаб чиқаришнинг катта қисми олдиндан имзоланган шартномалар асосида банд қилинган. Бундан ташқари, имкониятларни тўлиқ ишга солиш Осиё ва Яқин Шарқдаги ҳамкорларнинг Россия металлини сотиб олишга тайёрлиги, логистика ва молиявий ҳисоб-китобларнинг мослашувига бевосита боғлиқдир.

Teglar

Mavzuga oid