Навоийда ноқонуний олтин қазувчилар қўлга олинди
Навоий вилоятида ўтказилган рейдларда салкам 570 млн сўмлик олтин ва маъданли тошларни ноқонуний қазиб олган шахслар фош этилди.
© Foto: t.me/Department_uzНавоий вилоятида олтинни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланди. Тезкор тадбирлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилди.
Рейдлар давомида Томди, Конимех ва Хатирчи туманларида жами 315,1 грамм олтин ва 5,2 тонна маъданли тошлар ноқонуний қазиб олингани маълум бўлди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 570 млн сўмга баҳоланган.
Қонунбузарликлар асосан ноқонуний қазиш ва уй шароитида олтин ажратиш билан боғлиқ ҳолатларда кузатилган.
Хусусан, Томди туманида ўтказилган тадбирда фуқаролар О.И. ва бошқалар «Бессопан» саноат майдонида 5200 кг маъданли тошни ноқонуний қазиб олаётган вақтда ушланган. Ушбу тошлар таркибида 315,1 грамм олтин моддаси мавжуд бўлиб, улар ашёвий далил сифатида олинган.
Конимех туманида эса фуқаролар Т.Т. ва Т.Ғ. «Караката» ҳудудида тил бириктирган ҳолда махсус ускуналар ёрдамида олтинли қум ва тошларни қазиб олиш билан шуғуллангани аниқланган.
Хатирчи туманида фуқаро У.Р. ўз уйида қум ва тошдан олтин ажратиш билан шуғуллангани маълум бўлиб, ундан 160 кг ашё далил сифатида олинган.
Шунингдек, мазкур ҳудудда яшовчи фуқаро С.Х. ҳам ўз хонадонида олтин ажратиш фаолиятини йўлга қўйгани фош этилди. Ундан 300 кг олтин заррачалари мавжуд қум-тошлар мусодара қилинган.
Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қазиш ишларига қарши назорат кучайтирилишини таъкидлади.





