Нетаняху Ғазо секторига борди
Исроил бош вазири «сариқ чизиқ» яқинида муҳим баёнот берди.
© Videodan kadrИсроил бош вазири Бинямин Нетаняху 2 сентябр куни Ғазо секторидаги Исроил армияси позицияларига бориб, «сариқ чизиқ» ҳудудида баёнот берди. У Исроил Ғазо сектори ҳудудининг 60 фоизини назорат қилаётганини ва эгалланган позициялардан чекинмаслигини таъкидлади.
«Биз бу ҳудудни назорат қиляпмиз. Биз чекинмаяпмиз. Биз шу чизиқда қоламиз. Биз секторнинг 60 фоизини назорат қиламиз ва бу ҳали ҳаммаси эмас», — деди Нетаняху.
Бош вазирга Исроил мудофаа армияси бош штаби бошлиғи Эял Замир, Жанубий қўмондонлик раҳбари Янив Асор ва 99-дивизия қўмондони Элад Цури ҳамроҳлик қилган.
У, шунингдек, Исроилнинг асосий мақсадлари – ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазо секторини демилитаризация қилиш эканини даъво қилиб, бу йўлда барча чора-тадбирларни кўришда давом этишини таъкидлади.
«Ғазо бошқа ҳеч қачон Исроилга таҳдид солмайди. Бу мақсадга катта даражада эришилди. Ишни охирига етказиш қолди, биз буни албатта уддалаймиз», – деди Нетаняху.





