Ўқитувчилардан пул йиғишни буюрган ҳоким ўринбосари ишдан олинди
Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Рамазон ойи баҳонасида ўқитувчилардан пул йиғиш бўйича топшириқ берган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди.

Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов Рамазон эҳсони баҳонасида ўқитувчилардан пул йиғиш топшириғини бергани ортидан ишдан олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муродбек Давлатов маълум қилди.
Билдиришича, Жарқўрғон туманидаги 33-сонли умумтаълим мактаби педагог ходимларидан пул маблағи мажбурий тартибда йиғилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан тайинланган хизмат текшируви якунланган. Текширув вилоят ҳокими назоратида ўтказилиб, ҳолатлар комплекс тарзда ўрганилган, ҳужжатлар таҳлил қилинган ва масъул шахсларнинг тушунтиришлари олинган. Натижада Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Анвар Ражабов томонидан берилган кўрсатма амалдаги қонунчилик талабларига зид экани, хусусан, ихтиёрийлик тамойили бузилгани аниқланган.
Қайд этилишича, хизмат текшируви хулосасига мувофиқ Анвар Ражабов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шу билан бирга, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Воқеа қандай содир бўлган эди?
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқитувчилари мажбурий пул йиғиш бўйича топшириқ берилгани ҳақида шикоят қилган. Ўқитувчиларга 20 феврал куни директор томонидан мактабнинг «Telegram»даги гуруҳида «тезкор топшириқ» берилган. Унда директор ўқитувчилар ҳар бири 25 минг сўмдан етказиши кераклигини тайинлаган. 1 млн сўм ҳокимиятга олиб борилиши кераклиги ёзилган. Мактаб директори топшириқни берган ҳоким ўринбосари сифатида Анвар Ражабов исмини келтирган.
Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бунга муносабат билдириб, бошқарма ҳамда Жарқўрғон туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан таълим муассасалари ходимларидан пул маблағларини йиғиш бўйича ҳеч қандай топшириқ ёки кўрсатма берилмаганини маълум қилди.
Кеча, 28 феврал куни Жарқўрғон тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан тегишли идоралар масъуллари иштирокида хизмат текшируви ўтказилганини эълон қилди. Ўрганиш натижаларига кўра мансабдор шахс томонидан берилган кўрсатма амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ келмагани аниқлангани, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чора қўлланилгани билдирилди.





