ОТБ Тожикистон ва Қирғизистон учун «катастрофа» облигацияларини чиқармоқда
ОТБ табиий офатлардан зарар кўрган Тожикистон ва Қирғизистон учун тезкор молиявий ёрдамни таъминлайдиган DRB облигацияларини ишга туширди.
© OTBОсиё тараққиёт банки (ОТБ) табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун мўлжалланган илк облигациялар – DRB (катастрофа облигациялари) чиқарилишини эълон қилди. Бу ташаббус Марказий Осиёда табиий офатлар ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ молиявий хавфларни юмшатишга қаратилган кўп босқичли молиялаштириш дастурининг бир қисми ҳисобланади.
Илк облигациялар Тожикистон ва Қирғизистонга кучли зилзилалар ёки кескин ёғингарчилик даврларида тезкор молиявий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. ОТБ молия ва рискларни бошқариш бўйича вице-президенти Роберта Касали таъкидлаганидек, катта зилзила ёки сув тошқини мамлакат тараққиётини бир неча йилга ортга суриб қўйиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, ушбу суверен катастрофа облигациялари орқали Марказий Осиё давлатлари табиий офат юз берганда тез ва кафолатланган молиялаштиришга эга бўлади, бу эса тикланиш жараёнини тезлаштиради.
Бу қандай ишлайди?
DRB облигациялари олдиндан белгиланган ва мустақил тасдиқланган параметрик кўрсаткичлар асосида ишлайди. Яъни, кучли зилзила ёки тошқин содир бўлса, маблағлар автоматик тарзда ажратилади.
Олинган маблағлар миллий ижтимоий ҳимоя тизимлари орқали аҳолига, айниқса энг заиф қатламларга ёрдам бериш учун йўналтирилади. Шу билан бирга, бу инструмент келгусида шундай облигациялар бозорини ривожлантириш ва инвесторларни минтақага янада кўпроқ жалб қилиш учун асос яратади.
Тожикистон ва Қирғизистон учун облигациялар
Тожикистон учун уч йиллик DRB облигациялари 80 млн АҚШ доллари миқдорида чиқарилди. Уларнинг йиллик купон даромади қуйидаги таркибдан шаклланади: таъминланган бир кунлик молиялаштириш ставкаси – SOFR (мураккаб фоизлар усулида ҳисобланади), унга 4 базис пункт миқдорида молиялаштириш маржаси ва 600 базис пункт миқдорида риск маржаси қўшилади. Облигациялар номинал қийматда жойлаштирилган бўлиб, тўлов муддати 2029-йил 30-майга белгиланган.
Жойлаштириш жараёнида «Aon Securities LLC» дилер, дастлабки харидор ва ягона ташкилотчи сифатида иштирок этган. «Munich Re» эса битимни тузиш бўйича ягона агент вазифасини бажарган.
Ҳар икки транш ҳам бирламчи бозорда кенг тарқатилган. Тожикистон учун облигацияларнинг 60 фоизи Европада, 40 фоизи эса Шимолий ва Жанубий Америкада жойлаштирилган. Инвесторлар таркибига кўра, 36 фоизи суғурта қимматли қоғозларига ихтисослашган фондларга, 33 фоизи суғурта ва қайта суғурта компанияларига, 31 фоизи эса активларни бошқарувчи фондларга тўғри келган.
Қирғизистон учун DRB облигацияларида эса 64 фоиз Европа бозорида, 36 фоиз Шимолий ва Жанубий Америкада жойлаштирилган. Инвесторлар бўйича тақсимот: 37 фоиз – махсус суғурта қимматли қоғозлари фондлари, 32 фоиз – суғурта ва қайта суғурта компаниялари, 31 фоиз – бошқарувчи фондлар ҳиссасига тўғри келади.
Ноталар Сингапур биржаси рўйхатига киритилади. Лойиҳа Осиё тараққиёт жамғармаси, Иқлимни молиялаштириш бўйича Осиё-Тинч океани жамғармаси ҳамда Сингапур валютани бошқармасининг суғурта қимматли қоғозлари бўйича грант дастури (Молиявий секторни ривожлантириш жамғармаси орқали молиялаштирилади) томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Битимларга тайёргарлик жараёнида Осиё тараққиёт банки Тожикистон ва Қирғизистонга «Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик» дастури доирасида махсус минтақавий техник ёрдам орқали кўмак берди. Таҳлилий ва маслаҳат ишлари WTW бошчилигидаги халқаро консорциум томонидан амалга оширилди.
Ҳамкорлар нима демоқда?
«Aon Securities LLC»нинг Осиё-Тинч окиани минтақасидаги директори Жордан Браун таъкидлаганидек, жаҳон инвестиция жамоатчилигининг фаол қизиқиши давлат секторидан табиий офатлар хавфларини хусусий секторга ўтказишга ёрдам берган.
«ОТБ учун илк DRB облигациялар чиқарилишини қўллаб-қувватлаш «Munich Re» учун шарафдир», – деди «Munich Re» компаниясида капитал шерикчилиги бўйича глобал раҳбар Леони Шуберт.
Унинг таъкидлашича, ушбу инновацион ва махсус ишлаб чиқилган рискларни ўтказиш механизмларининг муваффақиятли жорий этилиши янги минтақадаги хавфларни катастрофа облигациялари бозорига олиб чиқади ва суғурта ҳимояси чегараларини кенгайтиради.
«Бу кўп босқичли ёндашув ҳар бир мамлакатга ҳодиса оғирлигига қараб молиялаштириш вариантларини тақдим этади. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя тизими билан боғланиши DRB облигацияларидан тушадиган тўловлар энг кўп жабр кўрган аҳолига етиб боришини таъминлайди», – дейди WTW компаниясининг катта директори Кристофер Ау.
Осиё тараққиёт банки – Осиё-Тинч океани минтақасида барқарор, инклюзив ва чидамли иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи етакчи кўп томонлама тараққиёт банки ҳисобланади. У ўз аъзо давлатлари ва шериклари билан ҳамкорликда мураккаб ривожланиш муаммоларини ҳал этиш, инновацион молиявий инструментлардан фойдаланиш, сифатли инфратузилма яратиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширади. 1966-йилда ташкил этилган ОТБ 69 та давлатга тегишли бўлиб, уларнинг 50 таси минтақада жойлашган.





