Ойлигини ололмаётган футболчилар, Ўзбекистондан кетаётган Wolt ва қамалган собиқ ҳоким — 25 феврал дайжести

25.02.2026 | 23:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ойлигини ололмаётган футболчилар, Ўзбекистондан кетаётган Wolt ва қамалган собиқ ҳоким — 25 феврал дайжести

«Олимпик»да молиявий инқироз: Футболчилар видеомурожаат йўллади

2024 йилги Париж Олимпиадаси учун ташкил этилган «Олимпик» футбол клуби аъзолари 2025 йил май ойидан буён ойлик ололмаётганини маълум қилиб, видеомурожаат йўллади. Клуб таркибида ўтган мавсумда ўйнаган ва ҳозиргача шартнома асосида фаолият юритаётган футболчилар ҳамда дарвозабонлар мураббийи бир неча ойлик иш ҳақи тўланмаганини айтган. Уларнинг таъкидлашича, умумий қарздорлик 5,5–6 ойлик маошни ташкил этмоқда.

Мураббий Маъмур Икромов ҳам мурожаатда иш ҳақини тўлаб беришни сўраб, футболчилар ва мутахассисларнинг ижтимоий аҳволига эътибор қаратишни сўраган. Ҳозирда мазкур ҳолат Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўрганилмоқда, ташкилот футболчилар ва мутахассислар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашини билдирган ҳамда текширув натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.

Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди

Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими М. Х. пора олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, Зомин туман суди ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Маълум қилинишича, у 2025 йил июль ойида тадбиркорга кўп қаватли уйлар қурилиши учун рухсат олиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари пора олиш билан боғлиқ жиноят ишида иштирок этган. Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким ўзлаштириш, мансаб ваколатидан чиқиш, пора олиш ва ер бериш тартибини бузиш каби айбловлар билан жавобгарликка тортилган.

Ҳукмга мувофиқ, у 3 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, шунингдек жарима тайинланди. Мазкур иш бўйича ҳокимликнинг бош мутахассиси Н. И. ҳам айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди ва 2 йилга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳар икки судланувчи жазони умумий тартибли колонияда ўтайди, суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш мумкин.

Ўзбекистон Афғонистоннинг нефт ва газ конида геология-қидирув ишларини бошлади

Ўзбекистон Афғонистондаги Муҳаммад-Жондогар, Шамар ва Аҳмадобод блокларида жойлашган учта нефт ва газ конида геология-қидирув ишларини бошлади. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа доирасида «Uzbek Overseas Geology Company» углеводород ресурслари, шунингдек темир ва мис конларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. Компания Афғонистон томони билан музокаралар якунлари бўйича тегишли лицензияни олган.

Қидирув ишларига Балх вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мавлавий Нурул Ҳодий Абу Идрис ва компания бош директори Ҳайитбой Омонов иштирокида старт берилган. Лойиҳа Афғонистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва нефт вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик битими асосида амалга оширилмоқда. «Uzbek Overseas Geology Company» 2025 йил февралда рўйхатдан ўтган бўлиб, устав фонди 12,97 млрд сўмни ташкил этади, таъсисчилари «Ўзбекгеологияқидирув» ва «Ўзбекгеофизика» ҳисобланади.

«Wolt» етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатмоқда

Финландиянинг «Wolt» етказиб бериш сервиси 2026 йил 5 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги фаолиятини тўлиқ тўхтатишини маълум қилди. Компания баёнотига кўра, шу санадан бошлаб илова ва расмий сайт орқали янги буюртмалар қабул қилинмайди, 4 мартгача эса сервис одатдаги тартибда ишлашда давом этади.

Компания қарорни Ўзбекистонда барқарор бизнес юритишдаги қийинчиликлар билан изоҳлаган ва фойдаланувчиларга миннатдорлик билдирган. Фаолият тўхтатилганидан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш хизмати ишлаб, қайтаримлар, бонус ва олдинги буюртмалар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда давом этиши маълум қилинган.

Teglar

Mavzuga oid