Ўзбекистон боксчилари Дубайда ўтган жаҳон чемпионатида 9 та медал қўлга киритди

14.12.2025 | 10:362 daqiqa

Дубай шаҳрида IBA шафелиги остида ўтган 2025 бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси икки олтин, тўрт кумуш ва уч бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистон боксчилари Дубайда ўтган жаҳон чемпионатида 9 та медал қўлга киритди

Дубай шаҳрида ўтган IBA 2025 бокс бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди. Турнир якунларига кўра, ўзбек боксчилари жами 9 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Россия ва Қозоғистондан сўнг учинчи ўринни эгаллашди. Медаллар сони бўйича боксчиларимиз иккинчи ўринда.

Эътиборлиси, Ўзбекистон боксчилари 6 вазн тоифасида финалда жанг олиб боришди ва уларнинг барчаси россиялик боксчиларга қарши ўтди.

Олтин медаллар 51 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов ва 67 кг вазнда Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳиссасига тўғри келди. Дўсматов финалда россиялик Баир Батлаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этди ва икки карра жаҳон чемпионига айланди. Шунингдек, у мусобақа якунларига кўра «Турнирнинг энг яхши боксчиси» деб топилди. Асадхўжа Муйдинхўжаев эса финалда россиялик Евгений Коолни 5:0 ҳисобида ишончли тарзда енгди.

Кумуш медаллар Абдумалик Халоков (60 кг), Жавоҳир Умматалиев (80 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (92 кг) ва Арман Маҳанов (92 кгдан юқори) томонидан қўлга киритилди. Улар финал жангларида тажрибали рақибларига қарши кураш олиб бориб, совринли ўринларни эгаллади.

Бронза медаллари эса Хужаназар Нортожиев (57 кг), Асилбек Жалилов (54 кг) ва Фазлиддин Эркинбоев (75 кг) ҳиссасига тўғри келди. Эркинбоев ярим финал баҳси рақибининг жароҳати сабаб бекор қилингани учун бронза медали билан тақдирланди.

13 та вазн тоифасидан 12 таси финалга йўл олган россиялик боксчилар 7 та олтин, 5 та кумуш, 1 та бронза билан биринчи ўринни эгаллашди. Қозоғистон боксчилари 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза билан медаллар сифати бўйича иккинчи, сони бўйича учинчи ўринни олишди.

Қайд этиб ўтиш керак, россиялик Умар Кремлёв етакчилик қилаётган IBA бокс ассоциацияси Олимпиадага йўлланма беришдан маҳрум қилинган.

Янги тузилган World Boxing ташкилотида эса россиялик боксчилар мусбқаларда иштирок эта олишмайди.

Teglar

Ўзбекистон боксчилари Дубайда ўтган жаҳон чемпионатида 9 та медал қўлга киритди | Vaqt.uz