Logo

Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 180 млрд доллардан ошиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзлар экан, сўнгги йилларда иқтисодиёт жадал суръатларда ўсганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аввал 2026 йил учун белгиланган 100 млрд долларлик ЯИМ марраси бу йилнинг ўзида 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 180 млрд доллардан ошиши мумкин © prezident.uz

Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида қатнашган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиётидаги сўнгги ўзгаришлар ва инвестиция муҳити ҳақида тўхталди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар, савдо зиддиятлари ва капитал оқимларидаги ўзгаришлар шароитида инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинган, иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётган мамлакатларга устувор аҳамият бермоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда бизнес юритиш шароитларини яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва инвестиция муҳитини эркинлаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Президент келтирган маълумотларга кўра, 2025 йил якунларида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсган. Шунингдек, иқтисодиётга 43 млрд долларлик инвестиция жалб қилинган. Халқаро захиралар ҳажми эса 70 млрд доллардан ошган.

Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 2026 йил якунига қадар ЯИМни 100 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилганини эслатди.

«Иқтисодиётимиздаги юқори ўсиш суръатлари натижасида бу кўрсаткични режалаштирилган муддатдан олдинроқ бажариш имкони пайдо бўлди. Жорий йилнинг ўзида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, президент Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги позициялари ҳам яхшиланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, мамлакат жорий йилда «Иқтисодий эркинлик индекси»да 14 поғонага кўтарилиб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторига кирган.

Давлат раҳбари мазкур натижаларни мамлакат иқтисодиёти янги босқичга ўтганининг ва инвесторлар учун янги имкониятлар очилаётганининг муҳим белгиси сифатида баҳолади.

Россия - Украина уруши

Тошкент халқаро инвестиция форуми

16-18-июн кунлари Тошкентда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Форумга оид барча хабарлар бир ҳаволада.

Teglar

Mavzuga oid