Ўзбекистон Исроилдаги фуқароларини огоҳлантирди
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган ватандошларга мурожаат билан чиқди.

Исроилдаги ҳозирги вазиятни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси барча фуқароларни шахсий хавфсизлик чораларига жиддий эътибор қаратишга чақирди.
Шу билан бирга элчихона минтақада хавфсизлик ҳолати тез ўзгариши мумкинлиги сабаб Исроил расмий идоралари, маҳаллий ҳокимият органларининг хабар ва кўрсатмаларига амал қилишни, оммавий тадбирлар ўтказилаётган жойларга боришдан, одамлар гавжум ҳудудларда узоқ вақт қолишдан сақланишни сўраган.
Шунингдек, саёҳат ва ҳаракатланишни режалаштиришда эҳтиёткорликка риоя қилишни, айрим ҳудудларга сафарни вақтинча кечиктиришни тавсия қилган. Бундан ташқари, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо олиб юриш ҳамда яқинлар билан доимий алоқада бўлиш сўралган.
Баёнотда келтирилишича, элчихона билан қуйидаги телефон рақамлари орқали боғланиш мумкин:
03-672-2466
03-672-2371
03-758-5075
03-758-5076
Фавқулодда ва шошилинч хабарлар учун:
+972 54 485 1397
Электрон почта: il.uzembassy@mfa.uz
«Илтимос, вазиятга жиддий ёндашинг ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилинг», – дейилади баёнотда.





