Logo

Ўзбекистон мол гўштининг асосий қисмини Ҳиндистондан сотиб олмоқда

Bugun 16:492 daqiqa

2026-йилнинг январ-сентябр ойларида мамлакат 12 та давлатдан умумий қиймати 597,7 млн долларлик 132 минг тонна мол гўшти импорт қилди.

Ўзбекистон мол гўштининг асосий қисмини Ҳиндистондан сотиб олмоқда

Ўзбекистон мол гўшти импортининг 42 фоизини Ҳиндистондан олмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида 12 та давлатдан умумий қиймати 597,7 млн долларлик 132 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Импорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,9 минг тонна ёки 17,7 фоизга ошган.

Мол гўштининг энг йирик етказиб берувчиси Ҳиндистон бўлиб, ушбу давлатдан 55,9 минг тонна (импортнинг қарийб 42,3 фоизи) маҳсулот олиб кирилган. Кейинги ўринларни Беларус (31,9 минг тонна ёки 24,2 фоиз) ва Қозоғистон (31,7 минг тонна ёки 24 фоиз) эгаллади. Шунингдек, Покистондан 5,4 минг тонна, бошқа давлатлардан эса жами 7,1 минг тонна мол гўшти импорт қилинган.

Нархлар ва ички бозор прогнози

Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази маълумотларига кўра, 2026-йил январ-сентябр ойларида совутилган мол гўштининг ўртача импорт нархи бир тонна учун 4574 долларни (54,9 млн сўм), музлатилган гўштники эса 4493 долларни (53,9 млн сўм) ташкил этган. 2020-йилга нисбатан совутилган мол гўшти импорт нархи 36,9 фоизга, музлатилган гўштники эса 40,3 фоизга ошган.

Марказ таҳлилига кўра, мамлакатда мол гўштига йиллик эҳтиёж ўртача 1,3 млн тоннани ташкил этади. Унинг 92,5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш, 7,5 фоизи эса импорт ҳисобидан қопланади. Сўнгги беш йилда мол гўшти импорти 7,2 бараварга ошган.

Ички бозорда 2026-йил сентябр ойида мол гўшти нархи бир ойда 1,7 фоизга, йиллик ҳисобда эса 16,2 фоизга ошган. Марказнинг эконометрик прогнозига кўра, ички ва ташқи бозорда кескин ўзгаришлар юз бермаса, 2026 йил декабрида бир килограмм мол гўштининг ўртача нархи 130 минг сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid