Logo

Ўзбекистон президенти Грузиянинг «Олтин мўйна» мукофоти билан тақдирланди

Бу мукофот билан Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Иордания подшоҳи Абдулла II, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам тақдирланган.

Ўзбекистон президенти Грузиянинг «Олтин мўйна» мукофоти билан тақдирланди © Foto: prezident.uz

Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – «Олтин мўйна» ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Грузия кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Шавкат Мирзиёевга ушбу мукофотни Грузия Президенти Михаил Кавелашвили топширди.

Ўзбекистон етакчиси Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳамда Парламент Раиси Шалва Папуашвилига юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, дўст Грузия халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

«Олтин мўйна» ордени ҳақида

1998 йилда таъсис этилган «Олтин мўйна» ордени мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири бўлиб, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда грузин маданияти, илм-фани ва санъатини тарғиб этиш борасидаги алоҳида хизматлар учун берилади.

Орденнинг номи Олтин мўйна ҳақидаги қадимги юнон афсонаси ҳамда ҳозирги Грузия ҳудудида жойлашган тарихий ўлка – Колхида билан боғлиқ.

Турли йилларда мазкур юксак мукофот билан Буюк Британия Қироличаси Елизавета II, Иордания Подшоҳи Абдулла II, Германия Канцлери Герхард Шрёдер, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбойжон Президенти Ҳайдар Алиев ва бошқалар тақдирланган.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Орбелиани саройининг Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.

Teglar

Mavzuga oid