Logo

Ўзбекистон, Қозоғистон ва БАА Покистон портларига чиқувчи янги темирйўл лойиҳасини ишлаб чиқади

Bugun 19:102 daqiqa

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари янги Қозоғистон — Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темирйўл йўналиши лойиҳасини биргаликда тайёрлашга келишиб олди.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва БАА Покистон портларига чиқувчи янги темирйўл лойиҳасини ишлаб чиқади

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳамкорликда Покистоннинг денгиз портларига чиқиш имконини берувчи «Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» (CASA) янги темирйўл йўналиши лойиҳасини амалга оширади. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишич, мазкур ҳамкорлик бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт вазирликлари ҳамда БАА Энергетика ва инфратузилма вазирлиги ўртасида CASA лойиҳаси доирасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк
CASA лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт узвийлигини таъминлашга қаратилган янги темирйўл йўналишини шакллантиришни кўзда тутади.

Хабарга кўра, мазкур йўлак халқаро юк ташиш, савдо, логистика ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Меморандум доирасида томонлар техник ва иқтисодий тадқиқотлар, таҳлилий баҳолаш ишларини олиб боради ҳамда зарур темирйўл инфратузилмаси ва унга боғлиқ объектларни ривожлантиришнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганади.

Таъкидланишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ривожланган темирйўл инфратузилмаси ҳамда катта транзит салоҳиятига эга давлатлар ҳисобланади. БАА эса транспорт инфратузилмаси, логистика ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда катта халқаро тажрибага эга. Ушбу имкониятларнинг бирлашуви CASA лойиҳасини амалий ишлаб чиқиш ва уни рўёбга чиқаришнинг энг мақбул механизмларини аниқлашга хизмат қилади.

Ҳозирда томонлар ҳамкорликнинг кейинги қадамлари ва аниқ йўналишларини муҳокама қилмоқда. Хусусан, лойиҳанинг техник, иқтисодий ва молиявий масалаларини комплекс ўрганиб чиқиш мақсадида махсус Ишчи гуруҳ тузиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid