Ўзбекистон сув сарфи бўйича минтақада етакчиликни сақлаб қолмоқда

Bugun 10:012 daqiqa

Марказий Осиёда сув тақчиллиги кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон йиллик 54,56 млрд метр кублик кўрсаткич билан минтақада энг кўп сув истеъмол қилаётган давлат бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон сув сарфи бўйича минтақада етакчиликни сақлаб қолмоқда

«Worldometer» таҳлилий платформасининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистон умумий сув истеъмоли ҳажми бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни сақлаб қолган. Республикада ҳар йили 54,56 млрд метр куб сув сарфланиши қайд этилган.

Мутахассислар бу кўрсаткични мамлакат қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва кенг ирригация тармоқлари билан изоҳламоқда. Айниқса, сув талаб қиладиган аграр маҳсулотлар етиштириш ҳажмининг юқорилиги ресурсларга босимни кучайтирмоқда.

Рейтингдаги кейинги ўринлар

Рейтингда иккинчи ўринни Туркманистон эгаллаган бўлиб, мамлакатнинг йиллик сув истеъмоли 27,9 млрд метр кубга яқинлашган. Қозоғистонда бу рақам 22,77 млрд метр кубни ташкил қилган. Тожикистонда йиллик сув сарфи 11,49 млрд метр куб қайд этилган бўлса, Қирғизистонда бу кўрсаткич қарийб 8 млрд куб метрга тенг бўлган.

Аҳоли жон бошига ҳисобланганда ким етакчи

Аҳоли жон бошига ҳисобланган кўрсаткичларда эса вазият бошқача кўриниш олган. Бу борада Туркманистон етакчилик қилмоқда. Мамлакатда бир киши кунига ўртача 15 445 литр сув истеъмол қилади.

Ўзбекистонда ҳар бир фуқарога кунига ўртача 4 778 литр сув тўғри келади. Кейинги ўринларда Тожикистон — 4 460 литр ва Қирғизистон — 4 153 литр кўрсаткич билан қайд этилган. Қозоғистон эса аҳоли жон бошига сув сарфи энг кам давлат сифатида ажралиб турибди — бу ерда бир кишига кунига 3 397 литр сув тўғри келади.

Экспертларнинг фикрича, келтирилган ушбу рақамлар минтақа давлатлари олдига сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, интеграциялашган бошқарув тизимини жорий этиш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш каби кечиктириб бўлмас вазифаларни қўймоқда.

Teglar

Mavzuga oid