Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган давлатлар қаторига кирди
Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич Тожикистонга берилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон сув танқислиги бўйича глобал рейтингда 3,63 балл билан 34-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Water Stress by Country 2026 ҳисоботида келтирилган.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Туркманистон рейтингда сув танқислиги даражаси энг юқори кўрсаткичга эга. У 3,74 балл билан дунё бўйича 33-ўринни эгаллади ва сув танқислиги юқори бўлган давлатлар қаторига кирди. Қирғизистон эса 3,28 балл билан 42-ўринни эгаллаган. Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам сув танқислиги юқори бўлган тоифага киради.
Қозоғистон 2,51 балл билан 58-ўринни эгаллайди ва Тожикистон (2,34 балл билан 62-ўрин) сингари ўртача ва юқори сув танқислигига эга давлатлар қаторига киради.
Сув танқислиги кундалик ҳаётда турлича намоён бўлади. Бу айрим ҳудудларда сув етишмаслиги, суғоришда муаммолар, маиший эҳтиёжлар, қишлоқ хўжалиги ва саноат ўртасида сув учун рақобатнинг кучайиши, шунингдек, об-ҳаво, қор захиралари ва дарёлардаги сув миқдорига қарамликнинг ортишига олиб келади..
Қувайт, Кипр, Уммон, Қатар, Баҳрайн ва Ливан глобал рейтингда биринчи ўринда туради. Уларнинг барчаси максимал балл — 5 тадан 5 тани олди ва сув танқислиги жуда юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Исроил ва Миср ҳам биринчи ўнталикдан жой олган.
Рейтинг 0 дан 5 гача бўлган шкаладан фойдаланади. Балл 5 га қанчалик яқин бўлса, сув ресурсларига босим шунчалик юқори бўлади. Сув танқислигининг жуда юқори бўлиши мамлакат мавжуд қайта тикланадиган сув ресурсларининг 80 фоиздан ортиғидан фойдаланаётганини англатади. Юқори даража – 40 фоиздан 80 фоизгача, ўрта-юқори – 20 фоиздан 40 фоизгача, паст-ўрта – 10 фоиздан 20 фоизгача, паст –10 фоиздан кам.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Амударёнинг ўрта ва қуйи оқимидаги сув миқдори 54–77 фоизга камайгани ҳақида ёзган эдик. Олимларнинг фикрига кўра, асосий сабаб иқлим ўзгариши эмас, балки инсон фаолиятидир. Гап дарёдан сув олиш, суғориладиган ерларни кенгайтириш, каналлар, сув омборлари, насос станциялари ва сувнинг табиий ҳаракатини ўзгартирадиган бошқа объектлар қуриш ҳақида кетмоқда.





