Ўзбекистон тарихи давлат музейи икки йиллик реконструкциядан сўнг қайта очилади
Очилиш муносабати билан 24 июлдан 26 июлгача «Очиқ эшиклар кунлари» доирасида музейга кириш бепул бўлади.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи қарийб икки йиллик реконструкция ва таъмирлаш ишларидан сўнг 24 июл куни ўз фаолиятини қайта бошлайди. Бу ҳақда музей матбуот хизмати маълум қилди.
Музейнинг очилиши муносабати билан 24, 25 ва 26 июл кунлари «Очиқ эшиклар кунлари» ташкил этилиб, Ўзбекистон фуқаролари учун кириш бепул бўлади.
Тантанали очилиш маросими 2026 йил 24 июл куни соат 10:00 да бўлиб ўтиши белгиланган. Бино фасадини янгилаш ва ички экспозицияларни реконструкция қилиш мақсадида музей 2024 йилнинг 4 июн санасида ташриф буюрувчилар учун ёпилган эди.
Жорий йилда ўзининг 150 йиллик юбилейини нишонлаётган ушбу маданий маскан Марказий Осиёдаги энг қадимий ва энг бой музейлардан бири ҳисобланади.
1876 йилда ташкил этилган ва 1994 йил 5 августда давлат мақомини олган маскан фондида минтақа тарихини қадимги даврлардан то ҳозирги кунгача акс эттирувчи 350 мингдан зиёд нодир экспонатлар (археологик топилмалар, нумизматика тўпламлари, қўлёзмалар ва этнографик материаллар) сақланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, апрел ойида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Темурийлар тарихи давлат музейи ҳам реконструкциядан сўнг қайта очилган эди.





