Logo

Ўзбекистон тиббиётида 2,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Bugun 20:512 daqiqa

Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган режага кўра, пойтахт ва ҳудудларда янги ихтисослашган марказлар, хусусан, Миллий онкология ҳамда Республика неврология ва инсулт марказлари барпо этилади, Самарқандда эса 800 ўринли замонавий шифохона қурилади.

Ўзбекистон тиббиётида 2,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган 35 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳалар доирасида янги ихтисослашган марказлар ҳамда кўп тармоқли шифохоналар қурилади ва мавжуд тиббиёт муассасалари замонавийлаштирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш ва йирик тиббиёт объектларини барпо этиш юзасидан қилинган тақдимотда маълум қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур инвестиция портифели асосида бир қатор йирик иншоотлар қад ростлайди.

««Хусусан, Миллий онкология маркази, Республика неврология ва инсульт маркази, Тошкент вилоятида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қашқадарё вилоятида янги шифохоналар ҳамда Нукус шаҳридаги оналар ва болалар марказини барпо этиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Термиз шаҳрида тиббий таълим дастурлари йўлга қўйилиши, шунингдек, давлат-хусусий шериклик модели асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли шифохона ва Бухоро вилоятида кўп тармоқли тиббиёт муассасаси ташкил этилиши қайд этиб ўтилган.

1 миллиард долларлик янги истиқболли лойиҳалар ва электрон аутсорсинг тизими

Амалдаги лойиҳалардан ташқари, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган яна тўққизта истиқболли лойиҳа бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани билдирилди. Ушбу лойиҳалар неврология ва инсулт, руҳий саломатлик ва наркология хизматлари, болалар онкологияси ва гематологияси инфратузилмасини ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, унинг автопаркини янгилаш ҳамда тиббий кадрлар тайёрлашни қамраб олади.

Келгусида соҳага инвестиция жалб қилиш тиббиёт инфратузилмасининг мастер-режасига боғланиб, шу асосда 2040 йилгача мўлжалланган инвестиция стратегияси ишлаб чиқилади. Дастлаб, амалдаги лойиҳалар хатловдан ўтказилиб, ҳудудлар эҳтиёжига мос лойиҳаларнинг инвестиция паспортлари ва ягона портфели шакллантирилади.

Тақдимотда тиббиёт фаолиятига хусусий секторни жалб қилишнинг аутсорсинг усулига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Келгуси йилдан бошлаб янги тартиб кучга киради. Унга кўра, давлат шифохоналари айрим тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий ташкилотлардан харид қилиши мумкин бўлади.

«2030 йилга бориб хизматлар харидида аутсорсинг улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган», — дея маълумот берди матбуот хизмати.

Ушбу жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида кўрсатилган хизмат ва тўловларни кузатиб борувчи «Тиббиёт аутсорсинги» электрон тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, йирик тиббиёт ташкилотларига очиқ танлов асосида профессионал бошқарувчиларни жалб қилиш ва уларнинг фаолиятини йиллик натижа кўрсаткичлари асосида баҳолаш кўзда тутилган. 2030 йилгача бешта йирик муассасада шундай янги бошқарув тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Тақдимот якунида давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга амалдаги лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда инвестиция стратегиясини мастер-режа асосида пухта ишлаб чиқиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Teglar

Mavzuga oid