Ўзбекистон учун «қарз олиш» арзонлашди: бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади?

Bugun 13:493 daqiqa

Ўзбекистон халқаро молия бозорларида облигацияларни паст фоизда жойлаштириб, ташқи қарз қийматини камайтириш ва инвесторлар ишончини оширишга эришмоқда.

Ўзбекистон учун «қарз олиш» арзонлашди: бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади? © getmidas.com

Аввалроқ, 2026 йилнинг 1 апрел куни Ўзбекистон жаҳон молия бозорларида 1 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги (12,2 трлн сўм) 3 йиллик суверен халқаро облигацияларини жойлаштирганлиги ҳақида хабар берган эдик. Мазкур бондлар тарихий энг паст фоиз ставкасида — йиллик 12,25 фоиз миқдорида қайд этилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич халқаро инвесторлар мамлакатда олиб борилаётган макроиқтисодий сиёсат ва ислоҳотларга ижобий баҳо бераётганини англатади. Таққослаш учун, 2026-йил 31-март куни ички бозорда 3-йиллик давлат ғазначилик облигациялари 12,39 фоиз ставкада жойлаштирилган. Бу эса ташқи бозордан нисбатан арзон маблағ жалб қилиш имконини кўрсатади.

Фоиз ставкалари пасайиш тенденсияси

Сўнгги йилларда миллий валютада чиқарилган халқаро облигациялар бўйича фоиз ставкалари изчил пасаймоқда. Хусусан, 2024-йилда 16,625 фоиз, 2025-йилда 15,5 фоиз бўлган бўлса, 2026-йилда 12,25 фоизга тушди.

Бу жараён суверен риск-премиясининг камайиб бораётганини ва ташқи капитал қийматининг арзонлашаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, мамлакат молиявий барқарорлигига ишонч ортмоқда.

Рейтинг ва инвесторлар ишончи

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги халқаро агентликлар томонидан «BB» даражасига оширилиши ҳам инвесторлар қизиқишини кучайтирди. Натижада, 2025-йилда АҚШ долларидаги облигациялар иккиламчи бозорда ўртача 1,08 фоизга арзонлашган.

Бу ҳолат халқаро бозорда Ўзбекистон қарз инструментларига талаб ошганини кўрсатади.

Ички бозорга таъсири

Миллий валютада чиқарилган евробондлар ички молия бозорига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2024-йил бошида 3-йиллик давлат облигациялари бўйича ўртача фоиз 17,95 бўлган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич 2025–2026-йилларда 14,61 фоизгача пасайди.

Бу эса давлат қарз ресурслари арзонлашаётганини ва ички бозордаги ставкалар барқарорлашаётганини англатади.

Валюта рисклари ва стратегик афзаллик

Миллий валютада чиқарилган халқаро облигатсиялар муҳим стратегик устунликка эга. Уларда валюта рисклари халқаро инвесторлар зиммасига ўтади, бу эса давлат қарзи портфелидаги хатарларни камайтиради.

Шу билан бирга, ушбу облигацияларнинг «GBI-EM» (The Government Bond – Emerging Market Index) индексига киритилиши янги институционал ва хусусий инвесторларни жалб қилиш имконини яратади.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларида паст фоизда маблағ жалб қилаётгани мамлакатнинг молиявий барқарорлиги мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Бу эса келгусида иқтисодий ўсишни молиялаштириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратади.

Эслатиб ўтамиз, халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун йўналтирилади. Бу чора иқтисодий барқарорликни сақлаш ва давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини ўз вақтида бажариш имконини беради. Ҳукумат маблағларни стратегик ривожланиш дастурларини узлуксиз амалга оширишни таъминлашга сарфлайди.

Шу билан бирга, мазкур эмиссия Ўзбекистоннинг бошқа эмитентлари ва тижорат банклари учун жаҳон молия бозорларида миллий валютадаги халқаро облигацияларини қулай шартларда чиқаришга хизмат қилади. Бу миллий валюта — сўмнинг халқаро бозорлардаги нуфузини оширади. Давлат бюджетининг ресурс базасини кенгайтириш орқали иқтисодиётнинг турли тармоқларида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid