Logo

Ўзбекистон ва Туркманистон визасиз режим ва мунтазам авиақатновларни тикламоқчи

Kecha 21:151 daqiqa

Расмийлар Тошкент-Ашхобод мунтазам авиақатновларини йўлга қўйиш ва чегара ҳудудлари учун 3 кунлик визасиз режимни тиклаш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон визасиз режим ва мунтазам авиақатновларни тикламоқчи

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев 18 ноябрь куни Туркманистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда чегарадош ҳудудлар аҳолисининг 2004 йилги ҳукуматлараро битимда назарда тутилган уч суткагача визасиз қатновини тиклаш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, Тошкент—Ашхобод—Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, халқаро юк ташувларини енгиллаштириш ва чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари ҳам қайд этилди.

Консуллик соҳасида эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ваколатли идоралар ўртасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалаларни тегишли идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Teglar

Mavzuga oid