Logo

Ўзбекистонда «Apple Pay» ва «Google Pay» тизимларини ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда — Spot

Жорий йилнинг сентябр ойида мазкур компаниялар билан тегишли музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда «Apple Pay» ва «Google Pay» тизимларини ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда — Spot © uzairways.uz

Ўзбекистонда «Apple Pay» ва «Google Pay» халқаро тўлов сервисларини ишга тушириш бўйича техник ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг сентябр ойида мазкур компаниялар билан тегишли музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизматига таяниб «Spot» маълум қилди.

Нашр манбасининг қайд этишича, сентябр ойига сервисларни тўлиқ ишга тушириш эмас, балки музокаралар ва муҳокамалар жараёни режалаштирилган.

Жорий йил 26 март куни президент «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат билан барча шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби бекор қилинди. Эндиликда бу талаб фақат биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда телекоммуникация операторлари абонентлари маълумотларига нисбатан сақланиб қолган. Қолган шахсий маълумотларни эса маълум шартларга риоя қилинган ҳолда хорижда қайта ишлаш мумкин.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар ва инфратузилма


Kurbanoff.net Telegram-канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов қонунчиликдаги тўсиқ олиб ташлангани «Apple Pay» ва «Google Pay» хизматлари дарҳол ишга тушишини англатмаслигини айтди.

Унинг таъкидлашича, янги қонун фақат шахсий маълумотларни трансчегаравий узатиш мумкин бўладиган шартларни белгилаб берди. Бироқ бунинг учун яна бир нечта қонуности ҳужжатларини қабул қилиш зарур. Хусусан, шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоя қиладиган давлатлар рўйхати, стандарт шартнома талаблари ҳамда маълумотларни сақлаш бўйича халқаро стандартлар рўйхати тасдиқланиши керак. Қонун қабул қилинганига уч ой бўлганига қарамай, ушбу ҳужжатларнинг бирортаси ҳали тасдиқланмаган.

«Ушбу бандлар амалга оширилмагунча, шахсий маълумотларни трансчегаравий узатиш ҳуқуқий жиҳатдан ноаниқ бўлиб қолади», — деб ёзди у.

Бундан ташқари, унинг фикрича, барча меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилганидан кейин ҳам Ўзбекистонни «Apple Pay» ва «Google Pay»нинг ривожлантириш режасига киритиш компанияларнинг ички қарорига боғлиқ бўлади. Қонунчиликдаги ўзгаришлар фақат ҳуқуқий имконият яратади, бироқ компанияларнинг бозорга киришидан манфаатдор бўлишини кафолатламайди.

Шу билан бирга, блогернинг қайд этишича, мамлакатда контактсиз тўловларни қабул қилиш учун техник инфратузилма аллақачон тайёр. NFC’ни қўллаб-қувватлайдиган терминаллар дўконлар, дорихоналар, кафелар ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида аллақачон одатий ҳолга айланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг ноябр ойида АҚШга ташрифи чоғида шахсий маълумотларни сақлаш ва рақамли платформаларни тартибга солиш бўйича қонунчилик янгиланаётганини, бу эса «Apple Pay» ва «Google Pay» тизимларини ишга тушириш учун имконият яратишини маълум қилган эди. Шунингдек, бизнес вакиллари, жумладан, TBC Bank раҳбарияти ҳам шахсий маълумотларни сақлаш тўғрисидаги қонуннинг аввалги таҳрири халқаро тўлов тизимларининг бозорга киришига тўсқинлик қилаётганини бир неча бор таъкидлаб келган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда «Apple Pay» ва «Google Pay» тизимларини ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда — Spot | Vaqt.uz