Ўзбекистонда бонд омборларини ташкил этиш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш учун бонд омборлари жорий этилиб, савдо жараёнлари соддалаштирилади

Ўзбекистонда электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида янги турдаги омборлар — бонд омборларини жорий этиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда 13 апрел куни имзоланган президент қарорида белгиланди.
Омбор ташкил этиш муддати
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлгача бўлган даврда ҳуқуқий эксперимент сифатида бонд омборлари ташкил этилади. Ушбу омборлар резидент ва норезидентлар томонидан жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарларни вақтинча сақлаш ва чакана сотиш учун хизмат қилади.
Эксперимент доирасида:
Бонд омбори эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ташкил этилади;
Бонд омборидан товарларни сотиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритиладиган Махсус электрон савдо платформалари реестрига киритилган махсус электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;
Бонд омборига товарлар эркин омбор божхона режимига мувофиқ жойлаштирилади ҳамда ушбу товарларни жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжи учун чакана сотишга рухсат берилади;
Бонд омборидан жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжи учун сотиладиган товарлар жўнатмалар декларацияси асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилади;
Бонд омборига жойлаштирилган товарларни жўнатмалар декларацияси асосида жисмоний шахсларга чиқаришда мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати чоралари қўлланмайди.
9 апрел куни давлат раҳбарига электрон тижоратни ривожлантириш ва бонд омборлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тақдим этилган эди. Унда мазкур ташаббус илгари сурилиб, соҳани янада ривожлантириш вазифалари белгиланган.
Давлат раҳбари электрон тижоратни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш, замонавий инфратузилма яратиш ва рақамли платформалар учун қулай ҳамда шаффоф муҳит шакллантириш бўйича тегишли топшириқлар берган.





