Logo

«Ўзбекистонда бундан кўп топардик»: Тармоқларда Беларусдаги андижонлик ишчиларнинг эътирозли видеолари тарқалмоқда

Bugun 11:413 daqiqa

Ишчилар Ўзбекистонда Беларусда таклиф қилинган маошдан ҳам кўпроқ ишлаб топа олишини айтган.

«Ўзбекистонда бундан кўп топардик»: Тармоқларда Беларусдаги андижонлик ишчиларнинг эътирозли видеолари тарқалмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Беларусга ишлашга юборилган 10 дан ортиқ ўзбекистонликларга у ерда жуда кам маош таклиф қилингани айтилган видео тарқалди.

Видео орқали мурожаат йўллаганларнинг айтишича, уларга Беаларусдаги иш берувчи томонидан иш ҳақи сифатида 500 доллардан берилиши айтилган. Аммо яшаш харажатлари, хусусан ётоқхона тўловлари ўзларининг чўнтагидан тўланиши кераклиги билдирилган.

«Ҳурматли ҳокимимиз! Бу ерда 500 доллардан ишлайдиган бўлсак, 200 доллардан қорнимизга кетса, 100 долларни кир ювиш кукуни, совун ва шунга ўхшаш нарсаларни сотиб олишга ишлатсак, қолган 200 доллар учун бу ерда вақтимизни сарфлаб, сарсон бўлганимиздан фойда йўқ. Ундан кўра, Ўзбекистонга қайтариб юборишгани яхши», — дейди улардан бири.

Ишчилар Ўзбекистонда Беларусда таклиф қилинган маошдан ҳам кўпроқ ишлаб топа олишини айтган.

Президент Шавкат Мирзиёев 8–9-июль кунлари Беларусга расмий ташриф билан борганди. Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон раҳбари билан Минскда бўлиб ўтган музокараларда ўзбекистонликларни оиласи билан бирга Беларусга кўчиб бориб, у ерда ишлашга чақирганди. У ўз раҳбарлиги остидаги мамлакатда меҳнаткаш ва малакали кадрлар танқислигини айтиб, Ўзбекистонда сув ва ер билан боғлиқ муаммоли масалаларга тўхталганди. Унинг айтишича, бундай муаммолар Беларусда йўқ.

Шу боис у ўзбекистонликларни ватанига таклиф қилганди. 14-июль куни Лукашенко Витебск вилояти ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари билан танишди. Унинг Орша туманига ишчи ташрифида Андижон ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам иштирок этди. Абдураҳмонов Витебскда ишчиларга яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Лукашенко Абдураҳмоновга шундай деган:

«Биз ака-укадек ҳамкорлик қиламиз! Бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади».

Лукашенко Ўзбекистондан борган ишчиларни уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталган.

«Қишлоқларимизда яшаш учун муносиб уй-жойлар бор. Уларни биргаликда тартибга келтирамиз. Янги қуриладиган барча иншоотларни одамлар учун қурамиз. Ўзбекистонликлар билан беларусликлар ўртасида ҳеч қандай фарқ бўлмайди. Болаларингиз ҳам беларуслик болалар каби бир хил шартлар асосида боғча ва мактабга боради. Бу ерга келган инсонлар ўзларини биз учун бегона эмаслигини ҳис қилиши керак. Биз бунинг учун барча шароитларни яратамиз. Фақат улар сидқидилдан меҳнат қилса бўлди», — деган Беларусь раҳбари.

Лукашенко Андижон вилояти ҳокимини фақат Витебск вилоятига эмас, балки бошқа ҳудудларга ҳам эътибор қаратишга чақирди. Унинг айтишича, Могилёв вилоятининг жануби-шарқий қисмида ҳам шунга ўхшаш ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Бу ҳудудни ривожлантириш дастури аллақачон ишлаб чиқилган.

«Биз бу дастурни бекор қилмаймиз. У ерда турли имтиёзлар ва рағбатлантириш чоралари мавжуд. Энг муҳими эса — одамлар. Улар келиб ишласин. Энди қанча одам ва қандай мутахассислар кераклигини аниқлашимиз лозим. Ҳукумат ҳозир айнан шу масала устида ишлаяпти ва сизга аниқ ҳисоб-китобларни тақдим этади», — деган у.

Ўзбекистон фуқароларини нафақат қишлоқ хўжалигига, балки қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда кичик тиббиёт ходимлари сифатида ишлашга ҳам жалб этиш режалаштирилган. Таъкидланишича, яқинда Беларусга 250 нафар ўзбекистонлик етиб бориб, уларнинг барчаси иш билан таъминланган. Бундан ташқари, Андижон вилоятидан яна 5 минг киши Витебск вилоятига бориши бўйича келишувга эришилган. Улар сентябрь ойидан бошлаб ҳар сафар 500 нафардан боришни бошлайди. Витебск вилоятида уларни қабул қилиш учун барча зарур шароитлар яратилади.

Андижон ҳокими Абдураҳмонов Беларусга ишлашга борган ўзбекистонликлар меҳнаткаш эканини айтиб, Лукашенкони бунга ишонтирган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи давомида бир нечта ҳужжатлар имзоланганди. Улар орасида айнан ўзбекистонликларни Беларусда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳам бор.

Mavzuga oid

«Ўзбекистонда бундан кўп топардик»: Тармоқларда Беларусдаги андижонлик ишчиларнинг эътирозли видеолари тарқалмоқда | Vaqt.uz