Logo

Ўзбекистонда HUMO стейблкоини тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказилади

Kecha 22:343 daqiqa

Лойиҳа доирасида 1 HUMO қиймати 1 сўмга тенглаштирилади.

Ўзбекистонда HUMO стейблкоини тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказилади © SI asosida yaratilgan

Ўзбекистонда HUMO барқарор токенидан (stablecoin) тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказиш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилмоқда. Жараённи Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ўз ваколатлари доирасида кузатиб боради. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида 1 HUMO қиймати 1 сўмга тенглаштирилади. Барқарор токенни чиқариш эса Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган ҳолда амалга оширилади.

«Лойиҳа доирасида HUMO барқарор токенини чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари, шунингдек, ундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ҳамда улар учун тўловларни қабул қилиш имкониятлари синовдан ўтказилади», — дейилади хабарда.

Лойиҳа иштирокчилари ва инфратузилма интеграцияси

Маълум қилинишича, «HUMO Digital» МЧЖ Марказий банк билан келишилган ҳолда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Ушбу компания токенни чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш механизмларини синовдан ўтказади.

Шунингдек, крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун тегишли лицензияларга эга бўлган «Asterium» АЖ мазкур лойиҳада ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.

Алоҳида йўналиш сифатида лойиҳа иштирокчиларининг банк, процессинг ва блокчейн инфратузилмаларини HUMO барқарор токенидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун интеграция қилиш назарда тутилгани таъкидланмоқда.

Назорат муҳити ва хавфсизлик талаблари

Мазкур жараённинг ҳуқуқий асосини Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сонли қарори ҳамда Адлия вазирлигида 2026 йил 15 апрелда рўйхатдан ўтказилган «Барқарор токенлар муомаласини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими тўғрисида»ги низом ташкил этади.

«Технология имкониятларини баҳолаш билан бир қаторда, пилот лойиҳа давомида таъминотнинг етарлилиги ва сақланиши, операцияларнинг шаффофлиги, молиявий ва операцион хатарларни бошқариш, ахборот ва киберхавфсизлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади регулятор баёнотида.

Шунингдек, даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳам қатъий назорат қилинади. Марказий банк мазкур лойиҳани пул-кредит сиёсати мақсадлари ва инструментларига мувофиқлиги, қолаверса, молиявий ва нархлар барқарорлигига таҳдидлар мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан баҳолайди ва мониторинг қилиб боради.

Пилот лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки муддати 12 ой этиб белгиланган. Бу муддат белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин, бироқ лойиҳанинг умумий амал қилиш муддати уч йилдан ошмаслиги лозим. Лойиҳа якунлари бўйича давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган барқарор токен моделини қўллаш имкониятлари баҳоланиб, Ўзбекистонда рақамли молиявий воситаларни тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Маълумот учун, Барқарор токенлар (stablecoins) — қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига тенг бўлган таъминланган токен туридир. Регулятор «қумдони» эса янги технологик ва молиявий ечимларни синовдан ўтказиш, уларнинг хатарларини аниқлаш учун мўлжалланган назорат қилинадиган махсус ҳуқуқий режим ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid