Ўзбекистонда ишламайдиган оила аъзолари учун ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилади
2027 йилдан расмий даромадга эга бўлганлар ишламайдиган яқин қариндошлари учун солиқ тўлаши мумкин. Бунда маблағлар меҳнат стажи ҳисобига ўтиб, келгусида пенсия олиш учун йиғиб борилади. Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам тўлиқ автоматик тарзда расмийлаштирилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва пенсия тизимини такомиллаштириш бўйича янги тартиб ҳамда қатор енгилликлар белгиланмоқда. Президент қарорига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб расмий даромадга эга ватандошлар ўзларининг ишламайдиган яқин қариндошлари учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунда ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи (амалдаги ҳисобда 163 минг 200 сўм) миқдорида тўлов амалга оширилса, уйда ўтирган оила аъзосининг келажакда пенсия олиши учун меҳнат стажи узлуксиз йиғилиб боради.
2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишловчилар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар белгиланган ижтимоий солиқни тўласа, 1 йиллик меҳнат стажи электрон тизимда автоматик равишда ҳисобланади.
Автоматик пенсия тайинлаш
Қоғоз ҳужжатлар йиғиш амалиёти буткул бекор қилиниб, пенсиялар фуқаронинг аризасисиз (проактив тарзда) расмийлаштирилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 ноябрдан корхона тугатилиши натижасида ишсиз қолганларга белгиланган муддатдан 2 йил аввал пенсия тайинланади, 2027 йил 1 январдан эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам тўлиқ автоматик тарзда расмийлаштирилади.
Маълумот учун, Пенсия жамғармасига йўналтириладиган ижтимоий солиқ фуқароларнинг кексайганда пенсия ва нафақалар олишини кафолатловчи тўлов бўлиб, тўғридан-тўғри меҳнат стажига айланади.
Аввалроқ Пенсия жамғармаси вакиллари меҳнат мигрантлари учун пенсия бадалини хориждан тўлаш имконияти яратилиши ҳақида хабар берганди. Айни вақтда Ўзбекистон фуқаролари кўп меҳнат қилаётган Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан ҳам пенсия таъминоти бўйича шундай келишувларни амалга ошириш масаласи устида иш олиб борилмоқда.





