Logo

Ўзбекистонда Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилиши мумкин

Bugun 19:552 daqiqa

Маълум бўлишича, шу вақтгача мамлакатда тадқиқ этилган 20 мингга яқин илмий ишнинг атиги 10 тасида маҳаллага алоқадор айрим масалалар ўрганилган.

Ўзбекистонда Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилиши мумкин © Foto: prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш ва Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этишга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда жорий йил якунига қадар 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш мақсад қилингани таъкидланди.

Шунингдек, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача тушириш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда маҳаллаларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам маълум қилинди.

Маҳаллалар қўшимча даромад манбаи

Қайд этилишича, йил бошида 37 та «оғир» туман ва 915 та «оғир» маҳалла билан ишлаш бўйича алоҳида тизим жорий этилган.

Хусусан, республика бюджетидан «оғир» туман ва маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун 12 триллион сўм йўналтирилган. Бунга қўшимча равишда ҳар бир шундай туманга 50 миллиард сўмдан, ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўмдан маблағ берилган. Вилоят ҳокимликлари томонидан ҳам мазкур 37 та туманнинг ҳар бирига 10 миллиард сўмдан, 915 та маҳалланинг ҳар бирига эса 1 миллиард сўмдан маблағ ажратилган.

Тақдимотда Республика маҳалла жамғармасига яна 200 миллиард сўм йўналтирилгани маълум қилинди. Шунингдек, маҳаллалар учун 300 миллиард сўмдан зиёд доимий қўшимча даромад манбалари яратилаётгани қайд этилди.

Жумладан, маҳалла ҳудудида санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг бир қисми маҳалла бюджетларига йўналтирилади. Ер ва мол-мулк солиғидан тушадиган тушумларнинг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилади. Бўш майдонларни ижарага бериш ва айрим биноларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳам маҳаллаларнинг ўзида қолдирилади.

«Рақамли маҳалла» ва сунъий интеллект

Таъкидланишича, «Маҳалла еттилиги»нинг уйма-уй ўрганишлари натижасида 1 миллион 365 минг нафар аҳолининг муаммолари аниқланган.

Уларни тезкор ҳал қилиш учун 35 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари «Рақамли маҳалла» платформасига интеграция қилинади.

Платформа орқали маҳалладаги долзарб масалаларни аниқлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш ва тегишли ечимларни тезкор белгилаш имкони яратилади.

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ҳар бир маҳалладаги энг долзарб муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади.

Маҳалла учун алоҳида илмий институт

Тақдимотда маҳалла фаолиятини илмий асосда ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Маълум бўлишича, шу вақтгача мамлакатда тадқиқ этилган 20 мингга яқин илмий ишнинг атиги 10 тасида маҳаллага алоқадор айрим масалалар ўрганилган.

Шу муносабат билан Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш таклифи билдирилган.

Янги институт маҳалла тизимидаги ислоҳотларни илмий таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, «еттилик» фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ушбу тизим орқали ҳар йили 21 минг нафар маҳалла тизими ва «еттилик» аъзоларининг малакаси оширилади.

Teglar

Mavzuga oid