Ўзбекистонда масжидлар орқали фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш тизими жорий этилди

Bugun 11:272 daqiqa

Мамлакат бўйлаб 272 та масжидда огоҳлантириш ускуналари ўрнатилди. Тизим 6,5 млн аҳолини қамраб олади ва алоқа ёки электр узилганда ҳам ишлайди.

Ўзбекистонда масжидлар орқали фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш тизими жорий этилди

Фавқулодда вазиятларда аҳолини тезкор хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистонда 272 та масжидга махсус огоҳлантириш ускуналари ўрнатилди. Ушбу ташаббус БМТ Тараққиёт дастури ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида жорий этилмоқда. Бу ҳақда БМТТД матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа доирасида масжидлар ташқи овоз кучайтиргичлари орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор хабарларини тарқатиш марказига айлантирилди. Бу эса аҳолига тез ва самарали ахборот етказиш имкониятини сезиларли даражада оширди.

Ҳозирга қадар Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги масжидлар мазкур тизим билан жиҳозланди. Натижада 6,5 миллионга яқин аҳоли қамрови таъминланмоқда.

Тизимнинг афзалликлари

Мутасаддилар таъкидлашича, масжидларнинг танланиши тасодифий эмас. Улар деярли барча аҳоли пунктларида мавжуд бўлиб, кенг қамровга эга. Шунингдек, ташқи овоз кучайтиргичлар 500 метрдан 2000 метргача бўлган ҳудудда аниқ эшитилишни таъминлайди.

Бу тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — у мобил алоқа ёки электр таъминоти узилган ҳолатларда ҳам ишлаш имкониятига эга. Шу боис фавқулодда вазиятларда ишончли ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.

Тизим айниқса аҳолининг заиф қатламлари — кекса ёшдагилар, болалар ва имконияти чекланган шахслар учун муҳим аҳамият касб этади.

Қўшимча инфратузилма

Лойиҳани кенгайтириш доирасида яна бир қатор чоралар кўрилди. Хусусан, асосий автомобиль йўллари ва одамлар гавжум жойларда 28 та ташқи кенг форматли экран ўрнатилди.

Ушбу экранлар ҳам фавқулодда хабарларни тарқатишда қўшимча канал сифатида хизмат қилади. Лойиҳа БМТТД ва Яшил иқлим жамғармаси молиявий кўмагида амалга оширилди.

Teglar

Mavzuga oid