Ўзбекистонда натижа бермаган қишлоқ хўжалиги субсидияларини қайтариш механизми жорий этилади
Президент 2027 йилдан қишлоқ хўжалиги субсидияларини харажатларни қоплашга эмас, ҳосилдорлик, сув ва энергия тежамкорлиги каби аниқ натижаларга боғлаш таклиф этилган тақдимот билан танишди.
© president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев аграр соҳада субсидияларни ажратиш ва суғурталаш тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кенгайиб, субсидияларни ажратиш жараёнлари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. 2026 йилда соҳадаги субсидиялар 29 та йўналиш ва 91 та турга етказилган. Бунинг учун 2,7 трлн сўм маблағ кўзда тутилган.
Айрим йўналишларда аризалар проактив шакллантирилмоқда, тўлов муддатлари эса қисқартирилган.
Субсидиялар натижага қараб берилади
Тақдимотда субсидияларни шунчаки харажатларни қоплашга эмас, аниқ натижага боғлаш зарурлиги таъкидланди. Шу сабабли 2027 йилдан «маблағ ажратиш» моделидан «натижавий субсидия» моделига босқичма-босқич ўтиш таклиф қилинди.
Янги тизимда ҳосилдорлик, сув ва энергия тежамкорлиги, сарфланган ресурслар эвазига олинган маҳсулот ҳажми асосий мезон бўлади.
Ҳар бир субсидия олувчининг электрон паспорти шакллантирилиб, натижалар онлайн кузатиб борилади. Бунда зарур маълумотлар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан инсон омилисиз олинади.
Дастлаб янги механизм сув тежовчи технологияларни жорий этишда синовдан ўтказилади. Субсидия ажратилгандан кейин икки-уч йил давомида сув сарфи, ҳосилдорлик ва сув унумдорлиги баҳоланади.
Белгиланган кўрсаткичлар бажарилмаса, субсидия маблағларини қайтариш механизми қўлланилади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси кенгайтирилади
Тақдимотда қишлоқ хўжалиги суғуртаси тизимини такомиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳозирда «Agrosafe» тизими орқали электрон ариза бериш, шартнома ва полисни расмийлаштириш, мониторинг, экспертиза ҳамда суғурта товонини тўлаш жараёнлари рақамлаштирилган.
Суғурта қамровини кенгайтириш доирасида боғ ва узумзорлардаги кўчат ва дарахтлар, импорт қилинган чорва ҳамда тасодифий ҳодисалар билан боғлиқ хавфларни суғурталаш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, чорвачилик, полизчилик, картошка ва пиёз етиштириш учун янги суғурта маҳсулотлари жорий этилади.
2027 йилда 45 мингта қишлоқ хўжалиги корхонасини суғурта билан қамраб олиш, маҳсулотларнинг суғурта қамровини 60 фоизга етказиш, 500 нафар мустақил эксперт тайёрлаш ва суғурта хизматларини тўлиқ рақамлаштириш мақсад қилинган.
Суғурта мукофотининг бир қисми хавфларнинг олдини олишга сарфланади
Янги ёндашувда суғурта орқали зарар оқибатларини қоплаш билан бирга, хавфларнинг олдини олишга ҳам эътибор қаратилади.
Шу мақсадда суғурта мукофотининг 3–5 фоизини махсус жамғармада шакллантириб, чорвачиликда вакцинация, профилактика ва ветеринария хизматларига йўналтириш таклиф қилинди.
Пахта ва ғаллачиликда биологик ҳимоя тадбирлари, боғдорчилик ва узумчиликда эса табиий офатлардан ҳимояланиш воситаларини ўрнатиш ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.
Президент субсидия ва суғурта тизимлари фермерлар учун содда ва қулай бўлиши, давлат маблағлари эса аниқ натижага хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Мутасаддиларга жараёнларда инсон омилини қисқартириш, шаффофликни таъминлаш, суғурта ҳодисаларини адолатли баҳолаш ва товон пулларини тезкор тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси топширилди.




