Ўзбекистонда нега Рамазон ойи Саудия каби 18 февралдан бошланмаслигига изоҳ берилди
Саудия ва Қатарда Рамазон 18 февралдан бошланаётган бўлса, Ўзбекистонда муборак ойнинг илк куни 19 февралга белгиланди. Мусулмонлар идораси ушбу саналар ўртасидаги фарққа расмий изоҳ берди.

Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган араб Амирликлари, Кувайт каби давлатлар Рамазон ҳилоли кўрингани муносабати билан 2026 йил 18 феврални Рамазон ойининг биринчи куни деб эълон қилди. Ўзбекистонда эса 19 феврал Рамазон ойининг илк куни деб эълон қилингани кўпчилкда тушунмовчиликни келтириб чиқармоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ҳолатга изоҳ берди. Қайд этилишича, Фатво маркази уламолари Ўзбекистонда ҳижрий 1447 йил Рамазон ойи ҳилоли ҳали кўринмаганини билдиришган.
Фанлар академияси Астрономия институтининг тақдим этган маълумоти ҳам мазкур кузатишларни тасдиқлаган. Шу боис, жорий йил 18 феврал кунини ҳижрий 1447 йил Шаъбон ойининг ўттизинчи куни, Рамазон ойининг биринчи куни эса шу йилнинг 19 феврал кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Қуйидаги аксар мусулмон мамлакатлари ҳам Рамазон ойининг биринчи кунини шу йилнинг 19 феврал куни, деб эълон қилди:
• Миср Араб Республикаси
• Иордания
• Сурия
• Ироқ
• Эрон
• Туркия
• Қозоғистон
• Қирғизистон
• Тожикистон
• Туркманистон
• Озарбойжон
• Индонезия
• Бруней
• Уммон
• Сингапур
• Австралия
• Япония
• Покистон
• Ҳиндистон
• Малайзия
• Жанубий Корея.
Шунингдек, Европа фатво ва тадқиқотлар кенгаши томонидан жорий йил 19 феврал кунини Рамазон ойининг биринчи куни, деб эълон қилинган.





