Logo

Ўзбекистонда вокзал ва аэропортлар солиқдан, янги автобуслар утилизация йиғимидан озод этилиши мумкин

Bugun 22:152 daqiqa

Шунингдек, куз-қиш мавсумида жамоат транспорти ҳаракат таркиблари учун газ қуйиш шохобчаларида «яшил йўлак» яратилади.

Ўзбекистонда вокзал ва аэропортлар солиқдан, янги автобуслар утилизация йиғимидан озод этилиши мумкин

Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳага хусусий секторни кенг жалб этиш мақсадида тадбиркорлар ҳамда ташувчилар учун қатор солиқ, божхона ва кредит имтиёзларини бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда эълон қилинган тегишли президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

​Ҳужжат лойиҳасига кўра, «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига жавоб берадиган янги автобус ҳамда электробусларга 2027 йил 31 декабрга қадар утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.

​Шунингдек, 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар йўловчиларга хизмат кўрсатувчи транспорт инфратузилмаси объектлари — автовокзаллар, автостанциялар, темир йўл вокзаллари ҳамда маҳаллий аэропортлар юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилиши белгиланган.

​Куз-қиш мавсумида жамоат транспорти ҳаракат таркибларини газ ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида улар учун алоҳида навбат — «яшил йўлак» асосида устувор хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади.

Автостанциялар учун имкониятлар

Лойиҳага мувофиқ, автостанциялар класслари ва хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, улар ҳудудининг 20 фоизигача бўлган қисмида қувватлантириш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхоналар, техник сервис пунктлари, автомобилларни ювиш шохобчалари ҳамда дўконларни ўз ичига олувчи комплекслар қуришга рухсат берилади.

​Бундан ташқари, тижорат банклари орқали тадбиркорларга автовокзал ва автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, янги микроавтобуслар харид қилиш учун имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш механизми жорий этилиши кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid