Logo

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши сунъий интеллект курашади

Kecha 22:252 daqiqa

Президентга яширин иқтисодиётни аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланувчи янги тизим тақдим этилди. У хавфларни автоматик баҳолайди.

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши сунъий интеллект курашади

Президент Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва соҳада прокурор назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги икки йилда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 35 фоиздан 23 фоизгача камайган. Бунинг натижасида бюджетга қўшимча 38 триллион сўм ундирилган, расмий банд аҳоли сони 8,5 миллион нафардан ошган, ўртача расмий иш ҳақи эса қарийб 6,5 миллион сўмга яқинлашган.

Шу билан бирга, жорий йил биринчи чорагида яширин иқтисодиёт ҳажми қишлоқ хўжалигида 81,1 триллион сўм, савдо ва хизмат кўрсатишда 24,5 триллион сўм, қурилишда 23,9 триллион сўм, саноатда эса 6,7 триллион сўмни ташкил этган.

2030 йилгача Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажмини икки баробар қисқартириш, расмий банд аҳоли сонини 14 миллион нафарга, нақдсиз тўловлар улушини эса 75 фоизга етказиш режалаштирилган.

Сунъий интеллект хавфларни автоматик аниқлайди

Аввалроқ, давлати раҳбари томонидан соҳалар ва ҳудудлар кесимида яширин иқтисодиёт хавфи, эҳтимолий бюджет йўқотишлари ҳамда қўшимча даромад манбаларини акс эттирувчи ягона рақамли платформани яратиш вазифаси белгиланган.

Тақдимотда шу мақсадда бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган ва синов тариқасида ишга туширилган «Яширин иқтисодиёт харитаси» платформасининг имкониятлари ҳақида ахборот берилган.

Тақдим этилган платформа иқтисодиётнинг 22 та асосий тармоғи, 85 та соҳа, 14 та ҳудуд ва 208 та туман ҳамда шаҳар кесимида яширин айланмалар хавфини таҳлил қилади.

Тизимга 16 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари интеграция қилинган бўлиб, маълумотлар реал вақт режимида қайта ишланади.

Платформа таҳлиллари асосида яширин иқтисодиёт хавфи ва эҳтимолий бюджет йўқотиши миқдоридан келиб чиқиб, соҳа ва ҳудудлар автоматик тарзда «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.

Платформа лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий айланмани яшириш, норасмий бандлик, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини камайтириш ва фойдани яшириш каби хавфларни автоматик аниқлайди.

Платформа барча соҳаларни қамраб олади

Президент яширин иқтисодиётни қисқартиришда асосий эътибор рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини кучайтириш, инсон омилини камайтириш ва назоратни манзилли ташкил этишга қаратилиши зарурлигини таъкидлаган.

Масъулларга 1 октябрга қадар 70 дан ортиқ ахборот тизимини янги платформага интеграция қилиш, 1 январгача эса барча ҳудуд ва соҳаларни ушбу тизим билан қамраб олиб, уни тўлиқ ишга тушириш топширилган.

Шунингдек, барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратиш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришда мутасаддиларнинг масъулиятини оширишда прокурор назоратини кучайтириш вазифаси қўйилган.

Teglar

Mavzuga oid