
Ўзбекистондаги экозоналарда «ўрта» ва «зарарли» машиналар ҳаракати чекланади
Янги тартибга кўра, экологик зонада ҳаракати тақиқланган автомашиналар фақат бир йиллик рухсатнома ва экологик компенсация тўлови орқали ҳудудга кира олади.

Ўзбекистон ҳудудида экологик зоналар ташкил этилиб, уларда атмосфера сифатини назорат қилиш ва ҳудудларнинг экологик барқарорлигини ошириш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда. Ҳукумат қарорига мувофиқ, «ўрта» ва «зарарли» тоифага мансуб ҳамда экологик стикери мавжуд бўлмаган автотранспорт воситаларининг бундай ҳудудларда эркин ҳаракатланиши тақиқланади. Бу чекловни бузганлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Экологик зоналар махсус индикаторлар асосида баҳоланади, жумладан
SO2 чиқиндиси,
Энергия истеъмоли,
Қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш,
Биноларнинг энергия самарадорлиги,
Экологик транспорт улуши,
Ҳаво сифати ва чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси эътиборга олинади.
100 баллик тизимда паст кўрсаткичга эга ҳудудлар экологик зона сифатида белгиланиши мумкин. Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилиш мақомига эга айрим ҳудудларда баҳолаш олиб борилмасдан ҳам зона мақоми берилиши мумкин.
Чеклов жорий этилган автомобиллар бир йиллик рухсатнома асосида экологик зоналарга кириши мумкин бўлади. Бунинг учун «ўрта» тоифадаги машиналар эгалари БҲМнинг бир баравари, «зарарли» тоифадаги транспорт воситалари эгалари эса уч баравари миқдорида экологик компенсация тўлови амалга оширади. Тўловнинг 40 фоизи республика бюджетига, 60 фоизи Экоқўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади. Рухсатнома берилгандан сўнг маълумотлар автоматик тарзда ИИВ ЙҲХХ базасига киритилади.
Экологик зоналарда тез ёрдам, фавқулодда хизматлар, жамоат транспорти (таксидан ташқари) учун чеклов мавжуд эмас. Шунингдек, ушбу ҳудудларда доимий яшовчилар, ишловчилар ва тиббий зарурат билан кирувчилар эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Экологик назорат ягона мониторинг тизими орқали амалга оширилиб, ҳаводаги ифлосланиш даражалари ва чиқинди манбалари доимий баҳолаб борилади. Шу асосда динамик электрон экологик харита шакллантирилади. У ҳавонинг реал холатини кузатиш, ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларни олдини олиш учун тезкор чоралар кўриш имконини беради. Харита маълумотлари электрон платформаларда мунтазам эълон қилинади ва жамоатчиликка очиқ ҳолда тақдим этилади.





