Logo

Ўзбекистондаги хусусий боғчаларда нархлар қандай?

Bugun 19:395 daqiqa

Vaqt.uz давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари ўртасидаги асосий фарқлар, нархлар ва ота-оналар учун муҳим мезонларни таҳлил қилди.

Ўзбекистондаги хусусий боғчаларда нархлар қандай?


Ўзбекистонда боғчалар сони талайгина. Устига-устак охирги йилларда республиканинг барча жойида, ҳаттоки чекка қишлоқ, овулларда ҳам хусусий боғчалар сони ортмоқда. Уларнинг қайси бирини танлаш керак? Ота-она боласини қай бирига ишониб топшириши ва шу баробарда чўнтак учун енгилроқ вариантга тўхталмоғи лозим? Ушбу материалда ана шу масалага эътибор қаратилди.

Статистик маълумотларга қараганда Ўзбекистонда давлат боғчаларининг сони хусусийларникига нисбатан қарийб 3 баравар кам. 2024-йилги ҳисоботларга кўра, республикада жами 38 мингдан ортиқ боғча фаолият юритмоқда. Шундан 9,3 мингтаси давлатники, 28,7 мингтаси хусусий. Болаларни умумий қамраб олиш даражаси эса 76 фоизга етказилган. Олдинги йилларда бу анча паст эди. Қамров даражаси ошиб бораётган бўлса-да, кўплаб оилалар учун давлат боғчалари ҳануз ҳамёнбоп вариантлигича қолмоқда. Негаки фарзандини хусусий боғчада ўқитиш моддий жиҳатдан ўртаҳол бўлган ўзбекистонлик учун қимматлик қилиши мумкин. 

Яқинда Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи қанча экани борасида ҳисоботини эълон қилганди. Ана шу маълумотлар мамлакатда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 миллион 91,1 минг сўмни ташкил этганини кўрсатди. Маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 12 миллион 13,9 минг сўм. Иккинчи ўринда Навоий вилояти — 8 миллион 722,7 минг сўм. Энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида кузатилди, у ерда аҳоли бир ой меҳнат қилиб ўртача 4 миллион 864,7 минг сўм топади.

                       

1

                      Manba:Milliy statistika qo‘mitasi

2

                                                              Manba: Milliy statistika qo‘mitasi

Албатта бу ўртача статистика. Ундан кам ойликка кун кўрадиганлар ҳам йўқ эмас. Мунтазам равишда ойлик даромади бўлмаган, фақат кунлик юмушларни қилиш орқали пул топадиган оддий оила учун боласини боғчага бериш моддий томонлама оғир бўлиши мумкин. Одатда бундай оилаларнинг фарзандлари мактаб ёшигача оилавий шароитда тарбияланади. Ана шундай вазиятда рўзғор харажатларидан орттириб боласини нархи баланд боғчада ўқитиш у ёқда турсин, давлат боғчаларида ўқитиш ҳам қийинчилик туғдириши ҳеч гап эмас.

Vaqt.uz  мамлакатда мактабгача таълим тизими қай даражада кенгайгани ва давлат боғчаларига қабул қандай амалга оширилишини, улар кўрсатаётган хизматлар нархларини ўрганди.

Бугунги кунда давлат боғчаларига қабул Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали амалга оширилади. Ота-оналар фарзандини портал орқали навбатга қўяди ва бўш ўрин мавжуд боғчани танлайди.

Ариза топширилгач, бола электрон навбатга қўйилади. Навбат ҳудуддаги бўш ўринлар, боланинг ёши ва айрим имтиёзли тоифаларга қараб шакллантирилади. Йўлланма берилгач, ота-оналар белгиланган муддатда боғчага керакли ҳужжатларни тақдим этади.

Давлат боғчаларида ойлик тўлов қанча?

Расмий тарифларга кўра, давлат боғчаларида тўлов ҳудудга қараб фарқ қилади. 9 соатлик гуруҳлар учун ойлик тўловлар қуйидагича:

3

Давлат боғчалари арзон бўлса-да, боғча танлаш масаласи фақат нарх билан чекланмайди. Ота-оналар кўпинча чет тили, математика, робототехника ёки бошқа қўшимча машғулотларга эътибор қаратади.

Хусусий боғчаларда бир ойлик тўлов нархлари

Халқаро тавсиялар боғчанинг асосий вазифаси боланинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш эканини кўрсатса-да, амалиётда ота-оналар учун боғча пули ҳам аҳамиятга эга. Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳридаги топ 10 та хусусий боғчалар рўйхатини тайёрладик. Уларнинг нархлари 3,5 миллион сўмдан 14 миллион сўмгача боради:

4

Жадвалдаги энг юқори нарх Invento боғчасига тегишли бўлиб, ойлик тўлови 14 млн 900 минг сўм. Бундан ташқари 6 миллион сўмлик бир марталик кириш бадалини ҳам тўлаш керак. Tashkent city’да жойлашган бу боғча болалар учун ҳамма таълим ва тарбиявий ишларни инглиз тилида олиб боради, сузиш машғулотлари, мусиқа дарслари, очиқ ҳаводаги фаолиятлар, логопед ва соғломлаштириш хизматларини таклиф қилади. У ерда болалар кунига 5 маҳал овқатланади.

CIS International School’нинг Early Years бўлими эса British EYFS (Early Years Foundation Stage) дастури асосида ишлайди. Ойлик нархи қарийб 13 миллион сўмни ташкил этадиган мазкур боғчада таълим жараёни асосан инглиз тилида олиб борилади. Айрим гуруҳларда рус тилини ривожлантириш машғулотлари ҳам мавжуд. Дастурда ўйин орқали ўрганиш, ижодий фаолият ва ижтимоий-эмоционал ривожланишга алоҳида эътибор қаратилади.

Oxbridge International School’нинг Kindergarten бўлими ҳам халқаро IB (International Baccalaureate) аниқлаб бериш нархини ёзиш тизими асосида фаолият юритади. Ойлик тўлови 6,5 миллион сўм бўлган бу ташкилотда ҳам дарслар асосан инглиз тилида ўтказилади. Кампусларда робототехника ва рақамли таълим маркази, театр ва санъат маркази ҳамда сузиш ҳавзаси мавжуд.

Erudite Kindergarten эса 7 миллион сўмлик тўлов эвазига техник ва ижодий йўналишларга кўпроқ урғу бериб, робототехника, театр ва спорт тўгаракларини таклиф этади. Thompson Land эса ўзининг муаллифлик методикаси асосида IT ва робототехника машғулотлари, логопед, массаж ва туз хонаси каби қўшимча хизматларни тақдим этади. Бу муассасада бир  ойлик боғча пули 5 миллион сўм.

Рўйхатдаги қолган бешта боғча юқоридаги таълим муассасаларига нисбатан 2 ёки 3 баравар арзон нархда шаклланган. Юнийгений Садик, Anor Kids, Baby Nest Kindergarten, Dono Kids ва Renesanns Kindergarten каби боғчаларнинг асосан инглиз ва рус тили, рақс ва хореография, мусиқа, расм чизиш, шахмат, спорт тўгараклари, жисмоний тарбия ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳлари бор. Айрим боғчаларда логопед-дефектолог ва психолог хизматлари, ёпиқ ўйин майдончалари ҳамда видеокузатув тизими ҳам мавжуд. 

Аслида мактабгача таълимнинг вазифаси қандай бўлиши керак?

Мактабгача таълимнинг асосий вазифаси болага эрта ёшдан мураккаб билимларни ўргатиш эмас, балки унинг ҳар томонлама ривожланиши учун пойдевор яратишдан иборат. Халқаро стандартларда бу жараён боланинг ижтимоий-эмоционал, ақлий, нутқий ва жисмоний ривожланишини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.

UNESCO мактабгача таълимни боланинг фаровонлиги, мулоқот кўникмалари, мустақиллиги ва кейинги таълим босқичларига тайёрлигини шакллантирадиган муҳим босқич
деб ҳисоблайди.

UNICEF ҳам эрта ёшдаги таълим дастурлари болаларда ўз ҳиссиётларини бошқариш, тенгдошлари билан ҳамкорлик қилиш, муаммоларни ҳал этиш ва ўрганишга қизиқиш уйғотиш каби кўникмаларни ривожлантириши кераклигини таъкидлайди. Масалан, Финландиянинг мактабгача таълим дастурида ўйин орқали ўрганиш, ижтимоий-эмоционал ривожланиш ва боланинг фаровонлиги асосий тамойил сифатида белгиланган. Янги Зеландиядаги боғчаларда эса болаларнинг ўзини хавфсиз ҳис қилиши, мулоқот қилиши ва мустақил фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратилади. Италия боғчаларидаги ёндашув ҳам болани эркин изланиш, ҳамкорлик ва ижодкорлик орқали ривожлантиришга қаратилган.

Муаллиф:Диёра Хабибуллаева 

Teglar

Mavzuga oid