Озиқ-овқат нархлари 18 фоизга қимматлайди: Жаҳон банки янги иқтисодий прогнозни эълон қилди
Яқин Шарқдаги можаро, нефт таъминотидаги узилишлар ва дон ташишдаги қийинчиликлар жаҳон бозорида энергия, озиқ-овқат ҳамда металлар нархига босим ўтказмоқда.

Жаҳон банкининг 28 октябрда эълон қилинган прогнозига кўра, 2026 йилда жаҳондаги хомашё товарлари нархлари умумий ҳисобда 23 фоизга ошиши мумкин. Энергия ресурслари нархи 32 фоиз, металлар нархи 25 фоиз, қимматбаҳо металлар нархи эса 40 фоиз ўсиши кутилмоқда.
Ташкилот бу прогнозни Яқин Шарқдаги можаро, нефт захираларининг қисқариши, Қора денгиз орқали дон ташишдаги узилишлар ва об-ҳаво билан боғлиқ хавфлар билан изоҳлади. Ҳисоботда нархлар ўсиши инфляцияни кучайтириши, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.
Нефт нархи бир баррел учун 91 долларга етиши мумкин
Жаҳон банки прогнозига кўра, 2026 йилда энергия ресурслари нархи ўртача 32 фоизга ўсади. Бу олдинги уч йил давомида кузатилган пасайишдан кейинги ўзгариш бўлиб, энергия нархларини 2022 йилдан бери энг юқори даражага олиб чиқиши мумкин.
Хусусан, «Brent» маркали нефт нархининг 2026 йилда бир баррел учун ўртача 91 долларни ташкил этиши кутилмоқда. Таққослаш учун, 2025 йилда бу кўрсаткич 69 доллар бўлган. 2027 йилда эса нефт нархи бир баррел учун ўртача 79 долларгача пасайиши прогноз қилинган.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2026 йилда жаҳон нефт таклифи 5,2 фоизга қисқариши мумкин. Бу 2020 йилдаги глобал иқтисодий инқироздан ташқари, сўнгги 40 йилдан зиёд вақт ичидаги энг катта пасайиш бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, нефт истеъмоли 2,5 фоизга камайиши прогноз қилинган. Бу 2020 ва 1980 йиллардан кейинги энг йирик йиллик қисқаришлардан бири бўлади.
Озиқ-овқат товарлари икки йилда 18 фоиз қимматлашиши мумкин
Жаҳон банки 2026 йилда озиқ-овқат товарлари нархи тахминан 10 фоизга, 2027 йилда эса яна 7 фоизга ўсишини кутмоқда. Икки йиллик умумий ўсиш қарийб 18 фоизни ташкил этиши мумкин.
Ташкилот бу прогнозга бир нечта омил таъсир қилаётганини қайд этган. Улар орасида Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли дон юкларини ташишдаги узилишлар, кучли «Эл-Нино» об-ҳаво ҳодисаси хавфи, шунингдек, ёқилғи ва ўғит нархларининг ошиши бор. Ушбу омиллар қишлоқ хўжалиги харажатларини кўпайтириши ва ҳосил етиштиришга таъсир қилиши мумкин.
Ўғитлар нархи 2026 йилда 14 фоизга ошиши прогноз қилинган. Жаҳон банки йил бошида карбамид нархининг кескин кўтарилганини, кейинчалик эса бу ўсиш бироз юмшаганини ҳам қайд этган. 2027 йилда ўғитлар нархи 2025 йилдаги даражага қайтиши кутилмоқда.
Металлар нархи 25 фоиз, қимматбаҳо металлар эса 40 фоиз ўсиши мумкин
Жаҳон банки 2026 йилда металлар нархи 25 фоизга кўтарилишини кутмоқда.
Ҳисоботда бу ўсиш қайта тикланувчи энергетика, электромобиллар ва маълумотлар марказларига йўналтирилаётган инвестициялар ҳисобига металларга талаб ортиши ҳамда айрим таъминот чекловлари билан изоҳланган. 2027 йилда эса металлар нархи 3 фоизга пасайиши кутилмоқда.
Қимматбаҳо металлар нархи 2026 йилда 40 фоизга ўсиши мумкин. Жаҳон банки буни геосиёсий ва сиёсий ноаниқлик шароитида инвесторларнинг олтин каби нисбатан хавфсиз активларга талабини ошириши билан боғлаган. 2027 йилда бу тоифадаги металлар нархининг ўсиши юмшаши прогноз қилинган. Бироқ уларнинг нархи 2015–2019 йиллардаги ўртача даражадан уч баравардан кўпроқ юқори бўлиб қолиши кутилмоқда.
2027 йилда нархлар пасайиши мумкин, аммо хавфлар сақланиб қолади
Жаҳон банки умумий хомашё товарлари нархи 2026 йилда 23 фоизга ошишини, 2027 йилда эса 7 фоизга пасайишини кутмоқда. Бироқ ташкилот ушбу прогнозни амалга ошиши мумкин бўлган хавфлардан алоҳида кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.
Агар Яқин Шарқдаги можаро янада кучайса, Россия нефт инфратузилмасига етказилган зарарлар давом этса, Қора денгиз орқали дон ташиш янада бузилса ва «Эл-Нинё» ҳосилга кучли таъсир кўрсатса, нархлар базавий прогноздан ҳам юқори бўлиши мумкин.
«Жаҳон банки»нинг салбий сценарийсида «Brent» нефтининг 2027 йилдаги ўртача нархи бир баррел учун 105 долларга етиши, озиқ-овқат товарлари нархи эса базавий прогноздан 12 фоиз юқори бўлиши мумкин. Бундай вазиятда озиқ-овқат товарлари нархи 2022 йилдаги даражадан ҳам ошиб кетиши эҳтимоли бор.


