P2P ўтказмаларида ўтказма мақсадини кўрсатиш функциясини жорий этиш ихтиёрий бўлади — Марказий банк
Марказий банк аввалроқ тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали ўтказмалар амалга оширилганда «ўтказма мақсадини кўрсатиш» бўйича талабларини киритганди.

Ўзбекистон Марказий банки P2P ўтказмаларида операция мақсадини кўрсатиш функцияси бўйича банклар ва тўлов ташкилотлари учун қўшимча тушунтириш берди. Унга кўра, мазкур функцияни жорий этиш ёки такомиллаштириш масаласи молиявий ташкилотларнинг ички сиёсати ва техник имкониятларидан келиб чиқиб ҳал этилади.
«Мижозлар учун рақамли хизматлар қулайлигини ошириш мақсадида, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларда P2P ўтказмаларида операция мақсадини кўрсатиш функциясини ўз ички сиёсатлари ва техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ихтиёрий тартибда, яъни янги параметрлар билан кенгайтириб ёки таклиф этилганларини камайтириб жорий этишлари мумкин», — дейилади тушунтиришда.
Аввалроқ Марказий банк 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида жорий йил 17 февралдаги №38-02/266-сон хат билан мобил иловалар орқали амалга ошириладиган P2P ўтказмаларида операция мақсадини кўрсатиш функциясини жорий этиш бўйича топшириқ юборганди.
Унга кўра, фойдаланувчи пул жўнатишда қуйидаги 16 та банддан бирини танлаши керак:
— товарлар ёки савдо учун тўлов;
— овқатланиш ва таом харажатлари;
— қарзни қайтариш;
— ёрдам пули;
— оиласига ёки қариндошларига ўтказма;
— совға;
— етказиб бериш ҳақи;
— ижара тўлови;
— коммунал тўловлар;
— сафар харажатлари;
— таълим харажатлари;
— тиббий харажатлар;
— хайрия;
— миннатдорчилик учун тўлов (чой пули);
— ўйин-кулги харажатлари;
— инвестиция ўтказмалари.
Транзаксияни амалга ошириш учун рўйхатда келтирилган мақсадлардан бирини танлаш мажбурий ҳисобланади.
Регулятор, шунингдек, хатга қўшимча кўрсатма сифатида молиявий ташкилотлар мобил иловаларнинг техник ечимлари, фойдаланувчи интерфейсининг қулайлиги ҳамда платформалар архитектурасидан келиб чиқиб ушбу функцияни ривожлантириш бўйича тижорат банклари ва тўлов ташкилотларидан таклиф ва мулоҳазаларини Марказий банкнинг Тўлов тизимлари департаментига тақдим этишларини сўради.
Марказий банк бу йўналишда такомиллаштирилган механизм ишлаб чиқилгандан кейин қўшимча тартибда маълумот берилишини билдирди.
«Илгари сурилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсади онлайн платформалар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш ва нақдсиз ҳисоб-китоблар кўламини кенгайтиришдир. Бу эса тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари иловалари фойдаланувчилари учун янада қулай хизматлар ва афзалликлар шаклланишига хизмат қилади», — дейди Марказий банк.





