Паралимпиадада россиялик ва беларус спортчилари қатнашишига Италия ҳам қарши
Италия ҳукумати 2026 йилги ўйинларда россиялик ва беларус спортчилар миллий рамзлар билан иштирок этишига норозилик билдирди.

Италия ҳукумати 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццода ўтадиган қишки Паралимпия ўйинларида Россиядан олти ва Беларусдан тўрт спортчининг ўз байроқлари ҳамда мадҳиялари остида қатнашишига қарши чиқди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Антонио Таяни маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия томонидан, Беларус қўллаб-қувватлаган ҳолда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва олимпия ғояларининг бузилиши спортчиларнинг миллий рамзлар билан иштирок этишига зид. Италия спорт вазири Андреа Абоди билан имзоланган қўшма баёнотда спортчилар фақат нейтрал мақомда қатнашиши мумкинлиги таъкидланди.
Аввалроқ Халқаро паралимпия қўмитаси икки мамлакат спортчиларига «икки томонлама таклифнома» асосида ўйинларда иштирок этиш имкони берилганини тасдиқлаган эди. Ушбу механизм одатий квоталардан фарқ қилиб, истисно тартибида берилади.
Украина норозилиги
Украина эса сиёсий бойкот эълон қилиб 6 март куни Веронада ўтадиган очилиш маросимида қатнашмаслигини маълум қилган эди. Шу билан бирга, қўмита якуний қарор Италия ташкилотчилари ихтиёрида қолишини билдирди.
2025 йил сентябрда Халқаро паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус миллий қўмиталари аъзолигини қайта тиклаган эди. Декабрда эса Спорт арбитраж суди айрим спортчиларнинг халқаро мусобақаларда миллий рамзлар билан иштирок этишига рухсат берган. Шу орқали улар Германиядаги чанғи бўйича Жаҳон кубоги босқичида ўз байроқлари остида қатнашди.



