Logo

«Paynet» тўққиз ой ичида қарийб 65 млн доллар соф фойда олди

2026-йилнинг январ-сентябр ойларида компаниянинг соф фойдаси 2,4 баробарга ошиб, 780 миллиард сўмга етди.

«Paynet» тўққиз ой ичида қарийб 65 млн доллар соф фойда олди © Paynet

«Paynet» тўлов ташкилоти 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида 780 миллиард сўм (64 миллион 823 минг доллар) соф фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 450 миллиард сўмга ёки 2,4 баробарга кўп. Бу ҳақда компания томонидан эълон қилинган молиявий ҳисоботда маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, акциядорлик жамияти ушбу даврда 1 триллион 752 миллиард сўм соф тушум олган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 542 миллиард сўмга ёки 45 фоизга ўсган.

Фойданинг кескин ўсишида компаниянинг асосий фаолиятидан ташқари даромадлари ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, тўлов ташкилотининг тўққиз ойлик фойдасининг 321 миллиард сўми дивиденд тўловлари орқали келган.

Агар ушбу маблағлар ҳисобга олинмаса, компаниянинг соф фойдаси 459 миллиард сўмни ташкил этган бўлар эди.

Маълумот ўрнида, «Paynet» компанияси «HUMO» тўлов тизимининг ягона акциядори ҳисобланади.

Харажатлар ва солиқ тўловлари

Компаниянинг молиявий харажатлари таркибида энг катта улуш сотиш харажатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда эълон қилинган рақамларда кўрсатилган бўлиб, мазкур харажат ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 250 миллиард сўмга кўпайиб, салкам 1 триллион сўмга, аниқроғи 918 миллиард сўмга етган.

Бошқа операцион харажатлар эса 129 миллиард сўмга ўсиб, 211 миллиард сўмга тенг бўлган. Шу билан бирга, маъмурий харажатлар ўтган йилга нисбатан 20 миллиард сўмга камайиб, 65 миллиард сўмни ташкил этгани хабар қилинди.

Шунингдек, тўлов ташкилоти ҳисобот даври учун 85 миллиард сўм фойда солиғи тўлаган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 50 миллиард сўмни ташкил қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давактив «Paynet» сотилишига оид битим тафсилотларини маълум қилганди.

«Paynet» хизмати 2005-йилда Ботир Орифжонов томонидан яратилган. Кейинчалик тадбиркор компанияни Халқ банки кўринишида давлатга (60 минг долларга, гарчи активи 10 миллион долларга баҳоланган бўлса-да) сотган.

2024-йил апрел ойида «Paynet» тўлов хизматини бошқарувчи «Uzpaynet» компаниясининг таъсисчиси ўзгарган. Реестр маълумотларига кўра, корхонанинг 100 фоиз улуши «New Industrial Technologies» компаниясига ўтган.

Teglar

Mavzuga oid