Покистон Афғонистонга очиқ уруш эълон қилди

Ҳужумлар натижасида 133 нафар «Толибон» аъзоси ҳалок бўлган, 200 дан зиёд киши яраланган.

Покистон Афғонистонга очиқ уруш эълон қилди

Покистон 27 феврал куни тунда Афғонистоннинг Кобул ва Қандаҳор шаҳарларига ҳаво ҳужумлари уюштирди ва «Толибон» ҳукуматига қарши очиқ уруш эълон қилди. Бу ҳақда BBC ҳукумат расмийсига таяниб хабар берди. Расмий Исломобод бу ҳаракатни миллий хавфсизликка таҳдидларга жавоб сифатида баҳоламоқда.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакат ҳар қандай тажовузкор ҳаракатга қарши туришга қодир эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, ватан ҳимояси масаласида муросага ўрин йўқ ва ҳар қандай таҳдид муносиб жавоб билан қарши олинади.

Бош вазир матбуот котиби маълум қилишича, ҳужумлар натижасида 27 та «Толибон» ҳарбий пости йўқ қилинган, тўққизтаси назоратга олинган. Шунингдек, 80 дан ортиқ танк, артиллерия қуроллари ва зирҳли транспорт воситалари йўқ қилингани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 133 нафар «Толибон» аъзоси ҳалок бўлган, 200 дан зиёд киши яраланган.

Покистон баёноти

Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф дипломатик уринишлар самара бермаганини билдирди.

«Покистон мавжуд воситалар ва дўстона мамлакатлар орқали вазиятни нормал ушлаб туриш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди. У тўлақонли дипломатия билан шуғулланди. Сабр косамиз тўлди. Энди сиз билан бизнинг орамизда очиқдан очиқ уруш кетяпти», деди Асиф.

Сўнгги кескинлик 26 февраль куни «Толибон» кучларининг Исломободга қарши кенг кўламли ҳужумига жавоб сифатида юз берган. Афғонистон мудофаа вазирлиги Хост, Пактия ва Нуристон провинцияларида Покистонга қарши амалиётлар бошланганини маълум қилган. «Толибон» томони 55 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилган.

Аввалроқ, 21 феврал куни ҳам Покистон Афғонистон ҳудудида жангариларга қарши бир нечта ҳаво ҳужумлари ўтказганини билдирган эди. Исломобод мамлакатда содир этилган айрим терактлар ортида Афғонистон ҳудудидаги гуруҳлар тургани ҳақида далиллар борлигини таъкидламоқда ва халқаро ҳамжамиятни «Толибон» ҳукуматини Доха келишуви мажбуриятларини бажаришга чақиришга даъват этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid