Президент администрациясидан вазирликка

17.02.2026 | 17:433 daqiqa

Ҳилола Умарова Президент администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимидан олиниб, вазир ўринбосари этиб тайинланди. Бу қарор оддий кадрлар ротациясими ёки таълим тизимидаги янги босқич бошланишининг белгиси?



Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлаганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган Ҳилола Ўктамовна Умарова Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ ишдан олинди. У яна Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қайтди, бироқ энди вазир сифатида эмас, балки унинг ўринбосари сифатида. Шунингдек, у эндиликда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори ҳам ҳисобланади.

2,5 йилдан ортиқ вақт давомида вазирликни бошқариб, 2025 йил июл ойида Президент администрациясига ўтган Умарова нима сабабдан ректорликка қайтарилгани маълум эмас. Қизиғи шундаки, у Президент администрациясида атиги 217 кун ишлади. Унинг лавозимдан олингани сабаблари очиқланмаган.

Ҳилола Умарова 2022–2025 йилларда мактабгача ва мактаб таълими вазири сифатида фаолият юритган даврда тизимда турли муаммолар, ўқитувчилар билан боғлиқ баҳсли ҳолатлар ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Умарова Президент администрациясига ўтганидан кейин кам кўринадиган бўлди. Орадан кўп ўтмай эса унинг лавозими ўзгарди. Бу қарор оддий кадрлар ротациясими ёки таълим тизимидаги янги босқич бошланишининг белгиси — бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

Ҳилола Умарова 1988 йил 9 август санасида Германиянинг Ваймер шаҳрида туғилган. У 2010 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавр босқичи, 2013 йил эса ушбу университетнинг магистратура босқичини тамомлаган.

У Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича бош менежери лавозимида ишлаган, 2020 йил октябрда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига раҳбар этиб тайинланган, 2022 йил декабридан эса мактабгача ва мактаб таълими вазири сифатида ишлаган. 

Умарова вазирлиги пайтида кўплаб танқидларга учради, боғчалардаги ҳолатлар, ўқитувчиларнинг ойлиги масаласи, уларга қўл кўтарилиши, мажбурий меҳнатга жалб қилиниши, Сурхондарёда мактаб директори ҳокимнинг буйруғи билан қамоққа олиниши ва ўша ҳокимга орадан бир йил ўтиб вазир томонидан «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони топширилиши шулар жумласидандир. «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам Умарова Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бирон марта ҳисоботга бормаганини қоралади.

Унинг фаолияти фақат камчиликлар билан эсда қолгани йўқ. Умарова вазир бўлган пайтда «Вазир жамғармаси» ташкил қилинди ва у ўқитувчиларни рағбатлантириш механизмини кучайтиришга қаратилган муҳим инструмент сифатида жорий этилди. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жами 58 та янги инклюзив мактаб қурилиши, уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича дастурлар ташкил этиш учун грант келишувлари имзоланди.

2025 йил 14 июлда Хилола Уктамовна Умарова Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига эса Эъзозхон Ғофиржоновна Каримова вазир этиб тайинланди. У шу пайтгача Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари — Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори сифатида ишлаб келаётганди. Шу ерда лавозимга эътибор беринг. Орадан етти ой ўтиб, ҳилола Умарова ҳам ҳудди шу лавозимга тийнланди.

Умарова президент администрациясидаги фаолияти давомида турли тадбирларда қатнашгани, чет эллик делегацияларни қабул қилгани, янги вазир билан вилоятларга боргани маълум. Шунингдек, у 2025 йил декабрда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида докторлик дессертациясини ҳимоя қилди.

Шундай қилиб, 217 кун давомида Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Ҳилола Умарова президентнинг тегишли қарори билан мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори этиб тайинланди.

Teglar

Alibek Beyjanov

Alibek BeyjanovMaqolalar soni: 299

Barchasi

Mavzuga oid