Президент фармони билан ҳокимликларда янги бошқарув тизими жорий этилади

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги 33 та туман ва шаҳар ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимликлари таркибида вазирлик ва идоралар бўлинмалари тўғридан тўғри ҳокимликка бўйсундирилади.

Президент фармони билан ҳокимликларда янги бошқарув тизими жорий этилади

Ўзбекистон президентининг «Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ҳокимликлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳокимликларда янги бошқарув тизими амалга киритилади.

Унга мувофиқ, «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги» деб номланган 33 та туман ва шаҳар ҳамда Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудларида 9 та вазирлик ва идора бўлинмалари ҳокимликлар таркибига ўтказилади. Бу бўлинмалар тўғридан тўғри ҳокимларга бўйсинади ва улар ходимларни тайинлаш ҳамда рағбатлантириш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармонга биноан, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари сони 6 нафар, туман ва шаҳар ҳокимликларида эса 4 нафар этиб белгиланди. Ҳар бир раҳбарга камида 3 нафар ижрочи ходим бириктирилади. Бу тизим бошқарувда шаффофликни таъминлаш ва масъулиятни аниқ тақсимлашга қаратилган.

Шунингдек, KPI кўрсаткичларига тўлиқ эришган ҳокимларга ажратиладиган маблағ 15 фоизга оширилади. Бу маҳаллий раҳбарларнинг натижавий фаолият юритишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

2026 йилдан бошлаб «Ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик форуми» ҳам ҳар йили ўтказилади. Фармон доирасида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган номарказлаштириш стратегияси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid