Президент ерларни хусусийлаштириш бўйича янги тизимга ўтишни топширди
Шавкат Мирзиёев ўтказаётган йиғилишда инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани танқид қилинди.
© Фото: Президент матбуот хизматиЎзбекистонда бош режаси йўқ деган баҳона билан 2025-йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилган. Бу ҳақда бугун, 14-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, ҳокимларга бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш, хусусийлаштириш ҳисобидан бюджетга 550 миллиард сўм қўшимча тушум бой берилгани кўрсатиб ўтилган. Уч ойда ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш топширилган.
Бош режа муаммоси
Бош режаларни тасдиқлаш орқали жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Лекин бош режада кўрсатилган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр линиялари, йўллар қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилади деган саволга жавоб йўқлиги танқид қилинди.
Аслида, ҳар бир бош режани рўёбга чиқариш бўйича йилма-йил комплекс дастур қилиниб, аҳоли, тадбиркор ва масъулларга етказилиши кераклиги қайд этилди. Бундай дастурлар йўқлиги учун ҳам инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Топширилган вазифалар
Ҳар бир вилоят ҳокимига икки ойда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга комплекс дастурлардаги тадбирларнинг қайси бири республика ва маҳаллий бюджетдан, қайсилари халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан бўлишини аниқ белгилаб бериш вазифаси қўйилди.





