add

Путин ҚҚС оширилиши ортидан нақд пул устидан қаттиқ назорат талабини қўйди

09.12.2025 | 09:402 daqiqa

Путин ҚҚС оширилиши арафасида иқтисодиётни «оқартириш»ни талаб қилиб, нақд пул айланмаси, онлайн савдо ва яширин бизнес устидан кескин назорат ўрнатишни буюрди.

Путин ҚҚС оширилиши ортидан нақд пул устидан қаттиқ назорат талабини қўйди

Россия президенти Владимир Путин Кремлда бўлиб ўтган миллий лойиҳалар ва стратегик ривожланиш бўйича йиғилишда 2026 йилдан бошланадиган катта солиқ ислоҳоти фонарда иқтисодиётни тўлиқ «оқартириш» қилишни ҳукумат ва минтақалар зиммасига юклади. Унинг таъкидлашича, ҚҚС ставкаси ошириладиган бир пайтда ҳеч қандай бизнес фаолияти хуфиёна иқтисодиётига ўтиб кетмаслиги шарт, акс ҳолда бюджет кутилган даромадларни ололмайди.

«Ҳеч нарса хуфиёна бўлмаслиги керак. Ҳаммаси қонуний ишлаши ва бюджетга тушумлар таъминланиши шарт», — деди Путин. У чакана ва интернет-савдода ноқонуний товар айланмасини бекор қилиш, нақд пул муомаласини қаттиқ назорат қилиш ва ноқонуний бандликни кескин қисқартириш зарурлигини таъкидлади.

2026 йилда Россияда янги солиқ сиёсати кучга киради. РФ Молия вазирлги ҳисоб-китобига кўра, ислоҳот бюджетга қўшимча 2,3 трлн рубл олиб келиши кутилмоқда. ҚҚС ставкаси 22 фоизгача кўтарилади — бу Россияда 1992 йилдан буён биринчи марта қайд этилаётган рекорд даража. Фақат ҚҚСнинг ўзи 1,2 трлн рубллик қўшимча тушум беради.

Соддаштирилган солиқ тўлови учун ҳам қоидалар кескин ўзгаради: йиллик тушуми 20 млн рублдан ошган тадбиркорлар ҚҚС тўлашга ўтади — бу Молия вазирлигига яна 200 млрд рубл олиб келади. Шунингдек, 2026 йил сентябридан техника ва электроника учун «технологик йиғим» жорий этилади.

Ҳозир Россия иқтисодиётининг 10–12 фоиз қисми хуфиёна ишлайди. Бунинг йиллик айланмаси 25 трлн рублга тенг. РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак ҳисоботига кўра, уч йиллик «оқартириш» режаси Россия ЯИМининг 1,5 фоиз қисмига тенг хуфиёна иқтисодиёт ҳажмини қисқартиради ва 2027 йилдан бошлаб бюджетга йилига 1 трлн рубл қўшимча тушум келтиради.

Новакнинг тушунтиришича, режа олти йўналишдан иборат: ЕОИИ доирасидаги савдо, ички товар бозори, меҳнат бозори, нақд пул ва рақамли валюталар айланмаси, ноқонуний кредит бериш ва тамаки ҳамда никотин маҳсулотлари сегменти.

Аввалроқ Владимир Путин Россияда ҚҚС 22 фоизгача оширилишини вақтинчалик чора деб атагани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid