Қандай қилиб кўпроқ пенсия олиш мумкин?
Пенсия ёшига етганда кўпчиликда «нега менга кам пул чиқди» деган савол пайдо бўлади. Бунинг олдини олиш учун анча эртароқ ҳаракат қилиш керак. Vaqt.uz шу ҳақида сўз юритади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaИқтисодиёт ва молия вазирлиги ўзбекистонликлар пенсия ёшига етганда «нега менга кам пенсия тайинланди» деган саволдан қочиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида маълумот берди.
Пенсия ёшига етиб, кўп йиллик меҳнати самарасини кўриш, кексалик гаштини суриш барчанинг ҳаётдаги мақсади ҳисобланади. Бунда, албатта, кекса ёшдаги даромад манбаи — пенсия муҳим ўрин тутади.
Шу сабабли барча ёшлик пайтда ўзининг келгусидаги пенсияси ҳақида қайғуриши, бу даврга олдиндан тайёргарлик кўриши лозим.
Кимларга пенсия тайинланади?
Ёшга доир тўлиқ пенсия олиш учун эркакларга 60 ёшга тўлганда 25 йил иш стажи, аёлларга 55 ёшда 20 йил иш стажига эга бўлганда тайинланади.
Ушбу талаб этилганга нисбатан камроқ (камида 7 йил) иш стажига эга бўлганларга тўлиқсиз пенсия тайинланади, яъни пенсия камроқ ҳисобланади.
Иш стажига нималар киради?
Пенсия тайинлашда иш стажига расмий ишлаб, иш ҳақи ҳисобланган даврлар, якка тартибдаги тадбиркор, ўзини-ўзи банд ёки хорижда ишлаган шахс сифатида Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган даврлар иш стажига ҳисобланади.
Маълумот учун: аёл киши расмий ишлаб, иш ҳақи ҳисобланган ва якка тартибдаги тадбиркор, ўзини-ўзи банд ёки хорижда ишлаган шахс сифатида ижтимоий солиқ тўланган даврлари жами 20-йил бўлганда 54 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқиш имтиёзи мавжуд.
Бунда, юқоридаги даврлар учун камида 7 йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг ҳарбий хизмат, олий ўқув юртидаги кундузги ўқиш ҳамда бола парвариши учун таътилда бўлган (ҳар бир бола учун 3 йил, жами 6 йилгача) даврлар ҳам умумий иш стажига қўшилади.
Пенсияга тайёргарлик қандай амалга оширилади?
Пенсия тайинлашда фуқаронинг расмий ишлаган даври ва солиқ тўланган иш ҳақи (даромади) инобатга олинади. Яъни, фуқаро расмий ишлаб, расмий даромад олган сари йилма-йил пенсияга ҳуқуқи шаклланиб боради.
Демак, ҳар бир фуқаро иш фаолияти ва даромадини расмийлаштириш орқали пенсияга тайёргарлик кўриб боради.
Барча пенсия ёшига яқинлашиб қолар экан, нафақа ҳақида ўйлашни бошлайди. «Энди менга қанча пенсия чиқар экан?», «Юқори миқдорда пенсия олармикинман?» каби саволлар пайдо бўлади.
Яъни, бунда кўпчилик пенсияга қандай чиқиш, қаерга мурожаат қилиш, пенсия қандай ҳисобланиши, бунда нималар ҳисобга олинишига қизиқишни бошлайди.
Пенсия тайинлангандан сўнг эса кўпчиликда «Нега менга кам миқдорда пенсия тайинланди?», «Менинг ҳисобим бўйича кўпроқ пенсия олишим керак эди?» каби саволлар туғилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мана шундай саволлар фуқароларда бўлмаслиги, юқори миқдорда пенсияга чиқиш учун пенсия ёшига яқин қолган фуқаролар, шунингдек, ёшларга қуйидаги тавсияларни берди:
Биринчидан, меҳнат фаолиятингиз расмий шаклда кетаётганлигига, ишлаётган ташкилотингизда сизга иш стажи ёзиб борилаётганлигига ишонч ҳосил қилинг. Буни ўзингиз мустақил равишда my.gov.uz портали орқали текшириб олсангиз ҳам бўлади.
Иккинчидан, рақамлаштириш даврида яшаётганлигимизни ҳисобга олиб, ўз иш берувчингиздан иш стажларингиз тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштиришни талаб қилинг.
Учинчидан, ташкилотингиз томонидан сизга расмий шаклда иш ҳақи тўланаётганлигига эътибор беринг. Бунда, сизга ҳисобланган иш ҳақи, ҳақиқатан қўлингизга оладиган иш ҳақингиз, ушлаб қолинаётган даромад солиқлари, жамғариб борилаётган пенсия учун ўтказилаётган маблағлар ва бошқаларни доимий равишда текшириб боринг.
Тўртинчидан, агарда сиз норасмий шаклда фаолият юритаётган бўлсангиз, ўз-ўзини банд қилган ҳолда рўйхатдан ўтиб, Пенсия жамғармасига белгиланган тартибда ижтимоий солиқ тўлаб боринг. Бу орқали сиз иш стажингизни кўпайтириб борасиз.
Бешинчидан, пенсия қонунчилигига оид янгиликлар, маълумотлар билан мунтазам равишда танишиб боринг, киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалардан хабардор бўлинг.
Олтинчидан, ҳозирда меҳнат фаолияти юритмаётган бўлсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчангиздаги маълумотларни рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилишингиз лозим. Бунда, рақамлаштирилган маълумотларингизни my.gov.uz порталида кўришингиз мумкин.
Меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ҳозир рақамлаштириб қўйиш, пенсияга чиқиш вақти келганда ортиқча овора бўлиб юрмасликни таъминлайди.
Юқоридаги тавсиялар асосида меҳнат фаолиятини олиб бориш, пенсия ёшига етганда пенсия таъминоти кафолатлайди.
Қўшимча маълумотлар, пенсияга оид ҳар қандай масала бўйича Пенсия жамғармасининг 1271 рақамли Call маркази орқали саволларга жавоб олиш мумкин.





