Қашқадарёда икки журналист қамалди
Улар фирибгарлик ва товламачиликда айбдор деб топилган.

Қашқадарё вилоятида икки журналист товламачилик ва фирибгарлик қилгани учун қамоққа олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 ноябр куни Кўкдала тумани жиноят ишлари бўйича суди «Aspekt 24» ахборот агентлигининг 1988 ва 2004 йилларда туғилган мухбирларини Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айбдор деб топган. Биринчи шахс Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) ва 168-моддаси 3-қисми «б» (ўта хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик), «в» (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик) бандлари бўйича айбдор деб топилган ва унга 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Иккинчи мухбир Жиноят кодексининг 28, 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандлари бўйича айбдор деб топилган. Унга 1 йил-у 4 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Бундан ташқари, иккала журналист ҳам бир йил давомида давлат иштирокидаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
«Айни пайтда биринчи инстанция судининг ҳукми қонуний кучга кирган бўлиб, ушбу ҳукм устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлидир», - дейилади хабарда.





