Қашқадарёда Кадастр агентлиги ходими пора билан қўлга тушди
Агентликнинг туманлардан биридаги бўлими бошлиғи маҳаллий фуқарога иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих суғориладиган ер майдонини бошқа шахс номига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, сотиб олиб беришни ваъда қилган.
© DXX matbuot xizmatiДавлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида газ таъминоти ва кадастр тизимидаги коррупсион ҳолатларни аниқлади.
Маълумотларга кўра, Кадастр агентлигининг Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги бўлими бошлиғи маҳаллий фуқарога иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих суғориладиган ер майдонини бошқа шахс номига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, сотиб олиб бериш эвазига муқаддам 11600 АҚШ доллари олган.
Аммо, мазкур мансабдор шахс берган ваъдасини бажармай, олган пул маблағи ҳисобидан 49,7 млн сўмни қайтариб берган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Терговга қадар текширув давомида, у 11600 АҚШ доллари ҳисобидан қолган 89,5 млн сўмни ҳам жабрланувчига қайтариб берган.
Самарқанд вилоятидаги ҳолатда эса “Ургуттумангаз” газ таъминоти бўлимининг мансабдор ходими ва ташкилотда аввал ишлаган шахс ўзаро тил бириктириб, маҳаллий МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш цехига янги табиий газ тақсимлаш ускунаси ўрнатиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш ва техник шарт рухсатномасини олиб беришни айтиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилишган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сув хўжалигидаги коррупция давлатга 70 млрд сўмдан зиёд зарар етказгани ҳақида хабар берган эдик.





